Элтузар таҳририятига Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги “Хонжиза” маҳалласи аҳолиси номидан очиқ мактуб келиб тушди.

Мурожаат муаллифларининг билдиришича, маҳалладаги ички йўллар, электр таъминоти, мактаблар инфратузилмаси ва бошқа ижтимоий муаммоларга йиллар давомида тўлиқ ечим топилмаган. Улар вилоят ҳокимининг эҳтимолий ташрифи олдидан ҳудудда шошилинч тозалаш ва ободонлаштириш ишлари бошланиши, аммо ташриф амалга ошмай қолгач, бу ишлар яна тўхтаб қолишини таъкидламоқда.

Таҳририят мурожаатда келтирилган ҳолатлар юзасидан Сурхондарё вилояти ва Сариосиё тумани ҳокимликларидан расмий муносабат кутади.

Қуйида очиқ мактуб таҳрирланган ҳолда эълон қилинмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовга очиқ мактуб

Ҳурматли Улуғбек Қосимов!

Биз – Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги “Хонжиза” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар ушбу очиқ мактуб орқали йиллар давомида ечимини кутаётган инфратузилма ва ижтимоий муаммоларимизни Сизга етказмоқчимиз.

“Хонжиза” вилоятнинг энг чекка ва тоғли ҳудудларидан бири ҳисобланади. Аммо маҳалламиздаги муаммоларнинг чеккада қолиб кетгани одамларнинг ҳафсаласини пир қилмоқда.

Улуғбек Қосимов келяпти”деган хабар ва шошилинч ободонлаштиришлар

Сўнгги йилларда бир неча марта “вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов “Хонжиза”га келар экан” деган хабарлар тарқалди.

Мурожаат муаллифларининг кузатувига кўра, шундай хабарлар пайдо бўлиши билан туман мутасаддилари оёққа туриб, маҳаллага ободонлаштириш ходимларини жалб қилади. Йўллар тозаланади, айрим ҳудудлар шошилинч тартибга келтирилади ва кўзга ташланадиган жойларда ишлар бошланади.

Бироқ режалаштирилган ташриф амалга ошмай қолгач, бошланган ишлар ҳам тўхтаб қолади.

Бу ҳолат аҳолида табиий саволларни пайдо қилмоқда: нега маҳалладаги тозалик ва ободонлаштириш ишлари раҳбар ташрифи ҳақида хабар тарқалгандагина жонланади? Нега бу ишлар мунтазам ва тизимли равишда олиб борилмайди?

Бизга вақтинчалик кўзбўямачилик эмас, муаммоларнинг амалий ва узоқ муддатли ечими керак.

Оғир ҳудуд” тоифасидан чиқаришга қандай асос бўлган?

Бизга маълум қилинишича, “Хонжиза” маҳалласи “оғир ҳудуд” тоифасидан чиқарилган.

Шу муносабат билан Сариосиё тумани ҳокимлигига саволимиз бор: маҳаллани мазкур тоифадан чиқаришда қайси мезонлар ва амалий натижалар асос қилиб олинган?

Қайси йўл таъмирланди? Қайси электр тармоғи янгиланди? Қайси ижтимоий муаммо тўлиқ ҳал этилди?

Қоғоздаги ҳисоботлар билан маҳалладаги ҳақиқий аҳвол ўртасида катта фарқ бор, деб ҳисоблаймиз.

Лой ва вайрона йўллар аҳолини қийнамоқда

Маҳалладаги ички йўлларнинг катта қисми таъмирга муҳтож. Ёғингарчилик мавсумида айрим кўчалар лойга айланиб, пиёда ва транспорт ҳаракати қийинлашади.

Бу, айниқса, мактаб ўқувчилари, кексалар, беморлар ва ёш болали оилаларга жиддий қийинчилик туғдирмоқда.

Аҳоли йиллардан буён ички йўлларни таъмирлаш ва шағаллаштиришни сўраб келмоқда. Аммо бу масала ҳанузгача тўлиқ ҳал этилмаган.

Паст кучланиш ва эскирган электр тармоқлари

Маҳаллада электр энергияси таъминоти ҳам долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Аҳоли хонадонларида кучланишнинг пастлиги, электрнинг тез-тез ўчиши, эскирган симлар ва таянч устунлари билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги айтилмоқда.

Замонавий ҳаётни барқарор электр таъминотисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Электрдаги узилишлар нафақат маиший қийинчилик, балки аҳоли хавфсизлигига ҳам таҳдид солиши мумкин.

Мактаблар инфратузилмаси эътиборга муҳтож

Фарзандларимиз муносиб ва хавфсиз шароитда таълим олишга ҳақли.

Шу боис маҳалладаги мактабларнинг бинолари, иситиш тизими, синфхоналари, спорт майдончалари ва бошқа инфратузилма объектларини холисона ўрганишни сўраймиз.

Таълим сифати фақат ўқитувчилар меҳнатига эмас, болалар учун яратилган шароитларга ҳам боғлиқ.

Президент қарорлари ижроси нега сезилмаяпти?

Давлат раҳбари томонидан ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва чекка маҳаллалардаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор қарор ва топшириқлар қабул қилинган.

Жумладан, мурожаатимизда тилга олинаётган 330-сонли қарор ва бошқа ҳужжатлар ижроси “Хонжиза” маҳалласида қандай таъминлангани ҳақида жамоатчиликка аниқ маълумот берилишини сўраймиз.

Қарорларнинг ижроси фақат ҳисоботларда эмас, одамларнинг кундалик ҳаётида ҳам сезилиши керак.

Ҳурматли Улуғбек Қосимов, “Хонжиза” аҳли Сизни кутмоқда

Биз вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қурилиш ва бунёдкорлик ишларини кузатиб борамиз. Бошқа ҳудудлардаги ўзгаришларни кўриб, бизнинг маҳалламизга ҳам эътибор қаратилишига умид қиламиз.

Биз алоҳида имтиёз талаб қилмаяпмиз. Фақат бошқа ҳудудлар аҳолиси каби муносиб йўл, барқарор электр таъминоти, замонавий мактаб ва хавфсиз турмуш шароитида яшашни истаймиз.

Сиздан Сариосиё тумани мутасаддилари тақдим этадиган ҳисоботлар билан чекланмасдан, “Хонжиза” маҳалласига шахсан келиб, аҳолининг турмуш шароити ва муаммоларини жойида ўрганишингизни сўраймиз.

Маҳалла аҳли билан очиқ мулоқот ўтказиб, ҳар бир муаммо бўйича масъуллар, аниқ муддатлар ва амалий чоралар белгиланишига умид қиламиз.

“Хонжиза” аҳли Сизни кутмоқда!

Сурхондарё вилояти,
Сариосиё тумани,
“Хонжиза” маҳалласи фаоллари ва яшовчилари номидан.