Хоразм вилояти Гурлан тумани тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари меҳнат муҳити, навбатчилик графиклари ва ходимларни ротация қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан жамоавий мурожаат тайёрлаган. Улар айрим шахсларнинг хатти-ҳаракатлари жамоада кескинлик ва хавотир пайдо қилаётганини айтиб, вазиятни холис ўрганишни сўрамоқда.

Элтузарга келиб тушган мурожаатда ходимлар амалдаги бўлим мудири Б. Жуманов ва катта ходим А. Султанов раҳбарлиги даврида иш жараёни нисбатан тинч ва тартибли йўлга қўйилганини билдирган. Улар ҳозирги раҳбарият ўз лавозимида қолиши ва мавжуд иш тартиби сақланишини истамоқда.

Мурожаатда асосий эътирозлар аввал катта ходим лавозимида ишлаган Гулбаҳор Раҳимова билан боғлиқ. Ариза муаллифларининг иддаосига кўра, унинг жамоа ишларига аралашуви ходимлар ўртасида тушунмовчилик ва зиддиятларга сабаб бўлмоқда.

Ходимлар Раҳимова яна катта ходим лавозимига қайтиши мумкинлиги ҳақида гапираётгани ҳам жамоада хавотир уйғотаётганини билдирган.

Шунингдек, мурожаатда Раҳимованинг аввалги иш фаолияти билан боғлиқ жиддий даъволар ҳам келтирилган. Хусусан, айрим ойларда унга 288 соат иш вақти ёзилгани, дори-дармонлардан фойдаланиш ва уларнинг эҳтимолий сотилиши билан боғлиқ ҳолатлар бўлгани айтилмоқда.

Ходимлар бу даъволарни табель, дори-дармонлар ҳисоби ва бошқа тегишли ҳужжатлар асосида холис текширишни сўраган. Мазкур айбловлар ҳозирча мустақил равишда тасдиқланган эмас.

Мурожаатда Урганч тез тиббий ёрдам фельдшери сифатида тилга олинган Азамат Матчановнинг Гурландаги навбатчилик графикларига аралашуви юзасидан ҳам норозилик билдирилган.

Ходимларнинг айтишича, аввал график маҳаллий раҳбарият томонидан иш жараёни ва ходимларнинг имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда тенг тақсимланган. Янги тартибда эса айрим ходимлар 12 соатлик навбатчиликка, бошқалари беш ёки етти кунлик оралиқ билан ишга чиқиши белгилангани айтилмоқда.

Ариза муаллифларининг иддаосига кўра, график масаласида Азамат Матчановга телефон қилган айрим ходимларга «ротация қиламан» мазмунида гаплар айтилган. Ходимлар буни босим ва таҳдид сифатида қабул қилганини билдирган.

«Биз жанжал чиқаришни ёки юқори раҳбариятга қарши чиқишни истамаймиз. Фақат фикримиз эшитилишини, ходимларга қўрқитиш ёки босим орқали эмас, қонуний ва адолатли тартибда муносабатда бўлинишини хоҳлаймиз», дейилади мурожаатда.

Гурлан тез ёрдам ходимлари раҳбариятдан Гулбаҳор Раҳимова билан боғлиқ даъволарни холис текшириш, уни яна катта ходим лавозимига тайинламаслик ва бошқа филиал ёки туманга ротация қилиш масаласини кўриб чиқишни сўрамоқда.

Шунингдек, улар Б. Жуманов ва А. Султановни ўз лавозимларида қолдириш, Азамат Матчановнинг график тузиш ва ходимларни ротация қилиш бўйича ваколатига ҳуқуқий ва хизмат нуқтаи назаридан баҳо бериш ҳамда ходимларга нисбатан босим ёки асоссиз ротация билан таҳдид қилиш ҳолатларига йўл қўймасликни талаб қилган.

Мурожаат муаллифлари шикоятлари инобатга олинмаса, мавжуд далил ва ҳужжатлар билан Омбудсманга мурожаат қилиш нияти борлигини ҳам билдирган.