ГУДҲАРТ ҚОНУНИ (GOODHART’S LAW) ҲАҚИДА
Гудҳарт қонуни нима учун давлат ва ташкилотларда белгилаб қўйилган рақамли режаларни бузиб, сохта кўрсаткичлар, кўзбўямачилик ва абсурд қарорларга олиб келиши ҳақида мисоллар билан тушунтирилади.
1975 йили Англия банкининг собиқ маслаҳатчиси ва Лондон иқтисодиёт мактаби (LSE) профессори Чарлз Гудҳарт (Charles Goodhart) Англия банки учун бир мақола ёзади. Унда асосий фикрлар қуйидагича бўлган. “… ҳукумат бирор кўрсаткични, соҳада эришилиши лозим бўлган метрик мақсадга айлантирса, ўша кўрсаткич ишламай қолади ёки нотўғри ишлай бошлайди…”. Кейинчалик бу фикр Гудҳарт қонуни (Goodhart’s law) сифатида машҳур бўлди.
Чарлз Гудҳарт бу қоидани дастлаб пул-кредит сиёсатини таҳлил қилиш жараёнида ўртага ташлаган. 1970–1980 йилларда Буюк Британия ҳукумати инфляцияни жиловлаш учун пул массаси ҳажмини (масалан, муомаладаги нақд пул ва банкдаги омонатлар миқдорини) қатъий назорат қилишга уринган.
Бироқ, ҳукумат аниқ бир пул кўрсаткичини нишон (мақсад) қилиб белгилаши билан, банклар ва молиявий ташкилотлар тизимни айланиб ўтишнинг янги йўлларини ўйлаб топишган. Натижада, ўша кўрсаткич ўзининг асл иқтисодий ҳолатни кўрсатиб бериш хусусиятини йўқотган.
Инсонлар ва ташкилотлар мослашувчан бўлади. Сиз уларни баҳолаш учун қайси мезонни қўйсангиз, улар тизимнинг асл мақсади (сифат, самарадорлик) устида эмас, балки айнан ўша рақамни/кўрсаткични сунъий равишда бажариш устида ишлай бошлайдилар. Бу иқтисодда «ўйин қоидаларини суиистеъмол қилиш» (gaming the system) деб аталади.
Гудҳарт қонунининг эффекти фақат иқтисод ёки битта жамиятда эмас, балки барча жамиятлар ҳаётининг барча соҳаларида нотўғри ҳосила пайдо қилади.
Яқин тарихимиздаги банк карталаридан нақд пул ечишдаги муаммоларни эсланг. Ҳукуматимиз инфляцияни жиловлаш учун пул массаси ҳажмини қатъий назорат қилишга уринган. Оқибати банк карталаридан нақд пул ечишда “хизмат ҳақи” олиб қолинишига олиб келди. Одамлар ўзларининг пешона тери билан топган иш ҳақининг 20 фоизгача қисмини нақдлаштирган одамга беришга мажбур бўлганлар. Абсурд.
Яқин тарихимиздаги коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришдаги кўзбўямачиликларни эсланг. Мен ўша вақтларда коллеж директори лавозимида ишлашимга тўғри келган. Бўлажак битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича шартнома тузишга коллеж маъмуриятини мажбурлашди. Аслида бу меҳнат органларининг иши. Бизга ҳеч қандай корхона бириктирилмаганлиги сабабли ота-оналарга “фарзандингизни ишга жойлаштириш бўйича шартнома олиб келмасангиз, у коллежни битирмайди” деб уқтирар эдик. Улар таниш-билиш корхона раҳбарлари ёки бухгалтерларига пул бериб бўлсада, ишга жойлаштириш бўйича шартномага, битиргандан сўнг меҳнат дафтарчасига муҳр бостириб келадиган бўлишди. Режалар шундай бажарилган. Бу ишларни мониторинг қилиб, пул ишлаган каттаконлар анча. Янги Ўзбекистонда яна шу ишлар бошланди. Абсурд.
Коллежнинг барча ўқувчилари пахтага мажбуран олиб чиқилар эди. Мавсум якунида далада пахта йўқ, кунлик тонналик режа бор. Кечки пайт пахта топшириш пунктларида юк хати савдоси авж олар эди. Шўринг қурғур директор баракда бекор ётган болаларни уч маҳал овқат билан боқиши, кечки пайт пахта топшириш пунктларида юк хати сотиб олиш билан оввора эди. Юк хатини олиб “штаб” деган ҳаромхўрга югурар эдик. Ўшаларнинг биттаси мен. Абсурд.
Янги Ўзбекистондаги камбағал оилалар сафидан чиқаришдаги сохтакорликларни айтмасам бўлмас. 26 август куни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов йил охиригача вилоятда “камбағаллик ва ишсизлик бўлмайди”, деган абсурдни илгари сурди. Вилоятда 40 мингга яқин расмий ишсиз бор, яна 270 минг нафар аҳолининг даромади ўртача кўрсаткичдан пастлиги ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳамма вилоятдаги мавжуд ҳолат. Минимал истеъмол харажатларининг кулгили 715 000 сўм этиб белгилангани яна бир абсурд. Вақти келиб, минимал истеъмол харажатлари 1,2 млн. қилиб белгиланса, олдин чиқарилганлар яна камбағал бўлиб қолади. Абсурд.
Ҳокимдан очилган иш ўрнлари сўралса, у завод қурмайди, у рўйхат тўлдиради. Ҳокимлар ва ҳоким ёрдамчилари томонидан ишга жойлаштирилганлар ҳақидаги маълумотларни кўпайтириш мақсадида ЯММТдаги сохтакорликлар, ишга жойлашганлигини шахснинг ўзи билмаслиги ҳам абсурд. Масалан, бирор вилоят ҳокимидан “100 минг иш ўрни очилди ёки очилади” деган хабарни эшитиб қоламиз. Лекин, ўша жойдаги танишингиз иш тополмайди. Абсурд.
Мактаб директоридан ўзлаштириш фоизи сўралса, улар яхши баҳо қўйишни бошлайди. Мактабда ўзлаштириш 98 фоиз, лекин бола оддий матнни тушуниб ўқий олмайди. Мактаб ёки университетнинг асосий мақсади сифатли билим бериш эмас, балки “имтиҳондан ўтиш фоизи” ёки “рейтинг баллари” этиб белгиланса, ўқитувчилар ва ўқувчилар фанни чуқур ўрганиш ўрнига, фақат тест саволларини ёдлашга эътибор қаратадилар. Абсурд.
Давлат поликлиникаси бир кунда жами 200 нафар бемор кўради, лекин, беморлар тузалмагач, хусусий шифокорга пул тўлаб қайта ташхис қўйдиради. Шифокордан кўрилган бемор сони сўралса, у даволамайди, у қабуллар сонини оширади. Шифохоналар рейтинги “операциядан кейинги беморларнинг омон қолиш фоизи”га қараб белгиланса, шифокорлар ўз кўрсаткичларини ёмонлаштирмаслик учун аҳволи жуда оғир бўлган беморларни қабул қилишдан бош тортишлари мумкин. Абсурд.
Ҳозирги иш жойимда мурожаатларни қабул қилиш маркази ходимларига “мижоз билан гаплашиш вақтини қисқартириш” мақсади қўйилса, улар муаммони ҳал қилмасдан, гўшакни тезроқ қўйишга ҳаракат қиладилар. Абсурд.
Шакар импортига квота киритилиши инфляцияга таъсир кўрсатиши мумкинлиги ёки спекуляцияга туртки беришини ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмайди. Жарималар режаси белгиланиши, КПИда жарималар режасини бажариш ўлчов воситаси қилиб олиниши, булар ҳаммаси абсурд.
Бу одамлар ёмон одамлар эмас, улар ижрони қандай қилиб юз фоиз бажаришни билади. Улардан нимани талаб қилинса, ўшани бажаради.
Оқибатда нима бўлади? Бюджет пули сохта кўрсаткичга қараб тақсимланади.
Аслида иш ўрни сони эмас, ишлаб уйига маош олиб борадиган одамлар кўпайиши керак. Ўзлаштириш фоизи эмас, ўқиб матнни тушунган ва айтиб берадиган болалар кўпайиши керак. Қабул сони эмас, тузалиб кетган бемор сони кўпайиши керак. Асосий мезон ҳисоботдан нечта оила чиқарилгани эмас, амалда қанча одам доимий иш ва етарли даромадга эга бўлгани бўлиши керак.
Президент академиясида булар ўқитиладими йўқми, билмайман (ўзим ўқимаганман), уни битирган ва ҳукуматда ўтирганлар диққатига! Бу қонуннинг салбий оқибатларини камайтириш учун замонавий бошқарувда қуйидаги усуллардан фойдаланилади:
Ягона кўрсаткичга боғланиб қолмаслик: Фақат битта рақамга (мисол учун, фақат фойдага ёки фақат ҳажмга) қараб баҳо бермаслик лозим.
Миқдор ва Сифат мувозанати: Кўрсаткичларни белгилашда ҳам миқдорни, ҳам сифатни бирдек ҳисобга олиш керак.
Тизимни домий янгилаб туриш: Одамлар тизимни “айланиб ўтишни” ўрганиб олмасликлари учун назорат ва баҳолаш мезонларини вақти-вақти билан ўзгартириб туриш зарур.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг