ГРУЗИЯГА САФАР ҚИЛМОҚЧИ БЎЛГАН ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР УЧУН МУҲИМ ТАЛАБЛАР БЕЛГИЛАНДИ
1 январдан бошлаб Грузияга туристик сафар қилувчи Ўзбекистон фуқаролари учун тиббий ва бахтсиз ҳодисалардан суғурта полиси, меҳмонхона бронлари, қайтиш чипталари ҳамда молиявий маблағни тасдиқловчи ҳужжатлар мажбурий талаб этилади.
Грузияга сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга киришда белгиланган талабларга алоҳида эътибор қаратиши лозим. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Грузияга туристик мақсадда келаётган барча хорижий фуқаролар учун тиббий ва бахтсиз ҳодисалардан суғурта полисига эга бўлиш мажбурий этиб белгиланган.
Мазкур суғурта полиси грузин ёки инглиз тилида, қоғоз ёхуд электрон шаклда расмийлаштирилган бўлиши керак. Суғурта қопламасининг энг кам миқдори 30 минг Грузия ларисини ташкил этиши, унинг амал қилиш муддати эса мамлакатга кириш ва чиқиш кунларини ҳам ўз ичига олган ҳолда сафарнинг тўлиқ даврини қамраб олиши шарт.
“Uzbekistan Airways” авиакомпанияси маълумотига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Грузия аэропортларида 711 нафар хорижий йўловчининг мамлакатга кириши рад этилган. Уларнинг 473 нафарини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этган.
Киришга рухсат берилмаслигининг асосий сабаблари сифатида сафар мақсадини аниқ тушунтириб бера олмаслик, меҳмонхона бронлари, қайтиш авиачипталари ва тиббий суғурта полисининг мавжуд эмаслиги, шунингдек, етарли молиявий маблағни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмагани кўрсатилмоқда.
Шу муносабат билан, Грузияга бормоқчи бўлган фуқароларга сафардан олдин барча зарур ҳужжатларни тайёрлаш, меҳмонхона ва қайтиш чипталарини олдиндан банд қилиш, суғурта полисини расмийлаштириш тавсия этилмоқда. Шунингдек, чегара назоратида сафар мақсади ва мамлакатда бўлиш муддатига оид саволларга аниқ ҳамда ишончли жавоб бериш муҳим аҳамиятга эга.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг