Киришга – битта ширинлик, устингизга – қора форма, қўшимчасига «қовоқ сайлига мос» кийим. Р. Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабининг симфоник оркестр концерти учун тарқатилган эълонида шундай шартлар кўрсатилган.

26 октябрь соат 15:00 га белгиланган концерт «Қовоқ сайли» деб аталган. Аммо афишадаги ўйиб ишланган тиржайган қовоқлар, жодугар қалпоғи ва ширинликлар Хэллоуин рамзларини яққол эслатади. Шундай экан, тадбирнинг мазмуни ҳақида савол туғилиши табиий: бу кузги мусиқа кечасими ёки «Қовоқ сайли» номи остидаги Хэллоуинми?

Элтузарга ўзини бир гуруҳ ота-она номидан мурожаат қилаётган деб таништирган муаллифлар айнан шу жиҳатга эътироз билдирган. Уларнинг фикрича, бундай тадбирлар фарзандларини миллий руҳдан йироқлаштириб, Ғарб анъаналарига ошно қилиши мумкин. Улар концерт эълонининг безаги ва иштирок шартларини Хэллоуинга хос деб ҳисобламоқда.

Албатта, бошқа маданият билан танишишнинг ўзи болани миллий қадриятлардан узоқлаштиради, деган хулоса учун асос бўла олмайди. Бироқ таълим муассасаси ҳам ота-оналарнинг саволларини эътиборсиз қолдирмаслиги керак. Айниқса, эълонда мусиқа дастуридан кўра қовоқлар, либос ва ширинлик шарти кўпроқ кўзга ташланса.

Мактаб маъмурияидан тадбирнинг таълимий мақсади нима, Хэллоуинга хос безаклар нега танланган ва эълондаги кийиниш талаби қай даражада мажбурий, деган саволларга жавоб кутамиз.

Симфоник концерт болаларнинг мусиқий дидини ўстириш учун яхши имконият. Лекин унинг мақсадини тушунтириш ҳам ташкилотчиларнинг вазифаси. «Қовоқ сайли» деган номнинг ўзи ота-оналарнинг саволларига жавоб бўлолмайди.