ГАЗ ВА КЎМИР ЗАХИРАЛАРИ ЧЕКЛАНГАН УНИ ТАЛОН-ТОРОЖ ҚИЛИНИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙМАСЛИК ЗАРУР
Ўзбекистонда суюлтирилган газ ва кўмир захираларини талон-торож қилиш, ноқонуний сақлаш ва сотиш билан боғлиқ юзлаб ҳолатлар аниқланди. Мақолада рақамлар, жиноят ишлари ва таъминот тизимида шаффофликни таъминлашга қаратилган зарур чоралар ёритилади.
Энергетика ресурслари мамлакат иқтисодиёти, аҳоли турмуши ва ишлаб чиқариш барқарорлигининг муҳим омилидир. Бироқ табиий газ ва кўмир захиралари чексиз эмас. Мавжуд конларни ўзлаштириш, янги захираларни аниқлаш ва қазиб олиш жараёнлари катта маблағ, вақт ва меҳнат талаб қилади. Шу боис мавжуд ресурсларни тежаш, уларни манзилли тақсимлаш ва талон-торожликка йўл қўймаслик нафақат иқтисодий, балки стратегик аҳамиятга эга.
Маълум қилинишича, суюлтирилган газни ноқонуний сақлаш ва сотиш билан боғлиқ 374 та ҳолат аниқланган. Тезкор тадбирлар давомида 9 139 та газ баллони ҳамда 92 тонна 936 килограмм суюлтирилган газ ноқонуний муомаладан олинган. Бу рақамлар газ маҳсулотлари ҳаракати устидан назоратни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Кўмир савдосида ҳам қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Ўтган бир ой давомида кўмир маҳсулотини ноқонуний сақлаш ва сотиш билан боғлиқ 16 та ҳолат қайд этилиб, 333 тонна 540 килограмм кўмир мусодара қилинган ва аҳоли эҳтиёжлари учун етказилган. Бу ерда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳат шундаки, аҳоли учун ажратилган ёқилғининг ноқонуний муомалага чиқарилиши энг аввало қонуний тартибда таъминот кутаётган хонадонлар манфаатига зарар етказади.
Муаммонинг яна бир жиддий томони ресурслар талон-торожида айрим масъул ходимларнинг иштироки. Жумладан, октябрь ойида Самарқанд вилоятидаги «Пастдарғомтумангаз» газ таъминоти корхонаси ходимлари аҳоли учун ажратилган газни талон-торож қилаётгани аниқланган. Тезкор тадбирларда қиймати 32 миллион сўмлик 3 тонна 100 килограмм газ маҳсулоти мусодара қилинган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳолат таъминот тизимидаги назорат фақат ташқи савдо ва ташиш жараёнлари билан чекланмаслиги, балки ресурсни тақсимлаш учун масъул бўлган ташкилотларнинг ички фаолиятини ҳам қамраб олиши кераклигини кўрсатади.
Шундай экан, газ ва кўмир таъминотида шаффофликни таъминлаш учун бир қатор чораларни кучайтириш зарур. Аввало, ресурсларни қазиб олишдан тортиб, истеъмолчига етказиб беришгача бўлган ҳар бир босқич рақамли ҳисоб ва мониторинг асосида назорат қилиниши лозим. Газ баллонлари ҳаракати, кўмир омборларидаги қолдиқлар, ташиш ҳажми ва аҳолига етказиб берилган маҳсулот миқдори мунтазам солиштириб борилиши керак. Шунингдек, асоссиз тўловлар, сунъий тақчиллик яратиш, маҳсулотни яшириш ва белгиланган нархдан ташқари сотиш ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабат шакллантирилиши зарур.
Айниқса, куз-қиш мавсумида назоратнинг аҳамияти янада ортади. Чунки бу даврда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларининг газ ҳамда кўмирга бўлган эҳтиёжи кескин ошади. Бир томонда хонадонлар ёқилғи таъминотини кутаётган бир пайтда, иккинчи томонда ажратилган ресурсларнинг ноқонуний йўллар билан сотилишига йўл қўйилиши адолат ва ижтимоий масъулият тамойилларига зиддир.
Энергетика хавфсизлиги фақат янги конлар очиш ёки қазиб олиш ҳажмини ошириш билан таъминланмайди. Мавжуд захираларни асраш, улардан тежамкор фойдаланиш ва тақсимотдаги ҳар қандай суиистеъмолчиликка барҳам бериш ҳам бу жараённинг ажралмас қисми. Газ ва кўмир айрим шахсларнинг ноқонуний даромад манбаи эмас, балки аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжи учун ажратилган стратегик ресурсдир. Шунинг учун талон-торожликка қарши назорат бир марталик рейдлар билан чекланмасдан, доимий, тизимли ва натижадор механизмга айланиши шарт.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг