ФРАНЦИЯДА БОШЛАНГАН ОММАВИЙ НОРОЗИЛИК НАМОЙИШЛАРИ ЕВРОПА БЎЙЛАБ КЕНГАЙМОҚДА
Францияда сентябрда бошланган норозилик намойишлари Италия, Бельгия, Испания, Португалия, Германия ва Албанияга ҳам тарқалди. Иқтисодий қийинчиликлар, ижтимоий тенгсизлик ва ҳукуматларга ишонч пасайиши Европа бўйлаб оммавий чиқишларни кучайтирмоқда.
Францияда сентябрь ойида бошланган норозилик намойишлари Европанинг бошқа давлатларидаги оммавий чиқишларга ҳам туртки бермоқда. Италия, Бельгия, Испания, Португалия, Германия ва Албанияда минглаб одамлар кўчаларга чиқди.
Намойишларнинг асосий сабаблари — нарх-наво ошиши, иш ҳақининг етарли эмаслиги, уй-жой қимматлашуви, таълим тизимидаги муаммолар ва ҳукумат сиёсатига нисбатан норозилик.
Францияда 24 октябрь куни ўтказилган намойишларда Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 410 мингга яқин киши қатнашган. Касаба уюшмалари эса иштирокчилар сонини 800 минг деб баҳоламоқда. Полиция билан тўқнашувлар оқибатида 1 314 киши ҳибсга олингани хабар қилинди.
Италиянинг Милан, Рим ва Турин шаҳарларида ҳам намойишчилар полиция билан тўқнашди. Бельгияда тартибсизликларни тарқатиш учун сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўлланилди.
Испания ва Португалияда аҳоли уй-жой нархлари, ижара ҳақи ва пенсия таъминоти масалаларига эътироз билдирмоқда. Албанияда эса намойишлар ҳукумат истеъфосини талаб қилиш даражасига етган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Европадаги чиқишлар ягона марказдан бошқарилаётган ҳаракат ҳисобланмайди. Бироқ уларни иқтисодий қийинчиликлар, ижтимоий тенгсизлик ва ҳукуматларга ишончнинг пасайиши каби умумий муаммолар бирлаштирмоқда.
Европада ижтимоий норозилик кучаймоқда. Ҳукуматлар аҳоли талабларига қандай жавоб қайтаради?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг