ФАРҒОНАДА 70 МЛРД СЎМДАН ОРТИҚ ДЕБИТОР ҚАРЗДОРЛИК ҒОЙИБ БЎЛДИМИ?
Фарғона вилоятида «Тоза ҳудуд» тизимида 2017–2020 йилларда шаклланган 70 млрд сўмдан ортиқ дебитор қарздорликнинг тақдири очиқ қолмоқда. Электрон биллинг базасидаги маълумотлар ўзгартирилган бўлиши эҳтимоли ўрганишни талаб этмоқда.
Фарғона вилоятида чиқиндиларни бошқариш соҳасида шаклланган 70 миллиард сўмдан ортиқ дебитор қарздорлик масаласи мавҳум қолаётир.
Элтузарга юборилган мурожаатда келтирилишича, 2017–2020 йилларда «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари давлат бюджети ҳисобидан харид қилинган махсус техникалар ва яратилган инфратузилма ёрдамида аҳоли ҳамда юридик шахсларга чиқинди ташиш хизматларини кўрсатиб келган. Шу давр мобайнида 70 миллиард сўмдан ортиқ дебитор қарздорлик шаклланди.
2020 йилда соҳа давлат-хусусий шериклик тизимига ўтказилгач, ушбу қарздорликлар хусусий шерикларга тақсимланди. Бироқ уларнинг қанча қисми ундирилгани, қанчаси ҳисобдан чиқарилгани ва қанча маблағ ундирилмасдан қолгани ҳозирча номаълум.
Электрон биллинг базасидаги қарздорлик маълумотлари қонуний асосларсиз ўзгартирилган ёки ўчирилган бўлиши эҳтимоли бор. Биллинг тизимига кимлар, қачон ва қайси электрон калитлар орқали ўзгартиш киритганини, шунингдек, ушбу ҳаракатларнинг ҳуқуқий асосларини аниқлаш зарур.
Агар қарздорликлар асоссиз равишда ҳисобдан чиқарилган бўлса, бу ҳолат давлат ва корхоналарнинг молиявий манфаатларига қандай таъсир кўрсатгани ҳам текширилиши лозим.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг