ФАРҒОНАДА МАТБУОТ КОТИБЛАРИГА БОСИМ БОРМИ?
Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари айрим матбуот котиблари ишидан норозилик билдирган хизмат хати юборди. Элтузар таҳлили котиблар асосий вазифасидан чалғитилаётгани ва расмий каналларда муҳим хабарлар мунтазам ёритилмаётганини кўрсатди.
Элтузарга йўлланган мурожаатга кўра, Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Масъуд Сулаймонов томонидан вилоятдаги шаҳар ва туман ҳокимларига edo.ijro.uz платформаси орқали хизмат хати юборилган. Унда айрим матбуот котиблари ўз вазифаларини талаб даражасида бажара олмаётгани қайд этилди. Бироқ қайси ҳудудлар ёки қайси ахборот хизматлари назарда тутилганига аниқлик киритилмаган.
Биз Фарғона вилоятидаги шаҳар ва туман ҳокимликларининг расмий Telegram саҳифаларини таҳлил қилдик. Таҳлил натижаларига кўра, 21 июль куни Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳақида Тошлоқ, Ўзбекистон, Бешариқ (қисман) туманлари ҳамда Қўқон шаҳар ҳокимлиги расмий каналларида маълумот жойлаштирилмаган. Айрим ҳокимликлар каналларида кун давомида бир-иккитадан ортиқ хабар эълон қилинмаслиги, Президент иштирокидаги тадбирлар, вилоят миқёсидаги муҳим воқеалар ёки расмий ахборотлар мунтазам ёритилмаётгани ҳам кўриниб турибди.
Вилоят раҳбарияти томонидан матбуот котиблари зиммасига турли қўшимча вазифалар юкланиб, улар асосий фаолиятидан четлаштирилаётгани ҳолатлари ҳам учрамоқда. Фарғона вилояти ҳокимлигига эслатма: матбуот котиби универсал аскар эмас. Улар ўз ишини тўлиқ бажариши учун қўшимча топшириқлардан холос бўлишлари, ҳашар ва текин хизматга жалб қилинмаслиги керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг