ФАРҒОНАДА ЧИҚИНДИ ПОЛИГОНЛАРИГА ҚАНЧА МАБЛАҒ САРФЛАНДИ?
Фарғона вилоятидаги чиқинди полигонларининг санитария ҳолати, тарифлардан тушаётган маблағлар ва улар сарфи юзасидан мурожаат келиб тушди. Элтузар редакцияси бюджет маблағлари қай тарзда ишлатилаётгани юзасидан очиқлик талаб этилган мурожаатни ўрганди.
Элтузар таҳририятига келган мурожаатда Фарғона вилоятидаги чиқинди полигонларининг санитария ҳолати, уларни сақлаш ва таъмирлашга ажратилган маблағлар ҳамда тариф тушумлари сарфи юзасидан текширув ўтказиш сўралган. Мурожаатга Чирқай қишлоғидаги чиқинди полигонида олингани айтилган видео ҳам илова қилинган.
Мурожаат муаллифлари Чирқайда чиқиндилар қандай жойлаштирилаётгани, улар зичланиб, тупроқ билан қопланаётгани, шунингдек, чиқиндидан сизиб чиқадиган суюқлик ва ер ости сувлари назорат қилинаётганини текширишни сўраган. Улар вилоятдаги полигонларни сақлаш ва таъмирлаш учун бюджетдан қанча маблағ ажратилгани ҳамда шу маблағ ҳисобидан қандай ишлар бажарилганига ҳам ойдинлик киритилишини истамоқда.
Мурожаатда йиллик назарий тўлов 49 миллиард сўмдан ошиши мумкинлиги айтилган. Бу ҳисоб ойига 218 400 куб метр чиқинди қабул қилиниши ва ҳар куб метр учун 18 711 сўм тариф қўлланиши ҳақидаги фаразга таянган. Бироқ мурожаатдаги кунлик ва ойлик рақамлар ўзаро мос келмайди. Унда 350 та махсус техника кунига ўртача 12 куб метрдан чиқинди ташиши кўрсатилган. Бу кунига 4 200 куб метр, 30 кунда эса 126 минг куб метр бўлади.
Мурожаатдаги тариф шу ҳажмга қўлланса, 30 кунлик назарий тўлов қарийб 2,36 миллиард сўмни ташкил этади. Амалда қанча чиқинди қабул қилингани ва қанча маблағ тушганини полигонларнинг қабул қайдлари ҳамда тўлов ҳужжатлари орқали аниқлаш мумкин.
Мурожаатчилар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Полигонлар дирекцияси харажатларини мустақил аудитдан ўтказишни ҳам сўраган.
Улар аудитда раҳбариятга тўланган иш ҳақи ва мукофотлар, хизмат сафарлари ва транспорт харажатлари, шунингдек, полигонларни сақлаш ва таъмирлашга сарфланган маблағлар ўрганилишини истамоқда.
Мурожаат муаллифлари Давлат хавфсизлик хизмати, Фарғона вилояти прокуратураси ва Бош прокуратурадан маблағлар сарфи ҳамда полигонларда санитария ва экологик талабларга риоя этилишини текширишни сўраган.
Элтузар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Полигонлар дирекциясининг Чирқай полигони ҳолати, амалдаги тариф, вилоятдаги полигонларга қабул қилинган чиқинди ҳажми ва уларни сақлашга сарфланган маблағлар бўйича изоҳини эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг