Эстония 1 декабрдан Россия билан чегарадаги барча ўтиш пунктларини ёпади. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна якшанба куни хабар берди. Қарор Эстонияда дрон ишлаб чиқарувчи корхонага ўт қўйишга уриниш бўйича саккиз киши қўлга олинганидан кейин эълон қилинди.

Эстония расмийларига кўра, гумонланувчилар тунда қўлга олинган. Улар Threod Systems корхонасига ўт қўйишга уринганликда гумонланмоқда. Таллинн бу ҳаракат ортида Россия ҳарбий разведкаси – ГРУ турганини айтмоқда.

«Россия Эстонияга қарши душманона ҳаракатлар оқибатсиз қолмаслигини тушуниши керак», – деб ёзди Цахкна X тармоғида. Вазир чегара қанча муддатга ёпилишини очиқламади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ТАСС агентлигига, агар Эстония чегарани ҳақиқатан ҳам ёпса, бу «тажовузкор ва тийиқсиз русофобиянинг навбатдаги кўриниши» бўлишини айтди. Москва Европа давлатларининг диверсияларга алоқадорлик ҳақидаги айбловларини мунтазам рад этиб келади.

Эстониянинг ERR жамоат телерадиоси маълумотига кўра, ҳозир Россия билан чегарадаги Нарва, Лухамаа ва Койдула ўтиш пунктлари очиқ. Улар орқали пиёдалар ва юклар ўтказилмоқда. Эстония НАТО ва Европа Иттифоқи аъзоси бўлиб, Украинани фаол қўллаб-қувватлаб келади.