ЭРОН АҚШНИНГ «ТАРИХДАГИ ЭНГ ҚАТТИҚ САНКЦИЯЛАРИ»ГА ЖАВОБ ҚАЙТАРДИ: «БУ – ИЛОЖСИЗЛИК БЕЛГИСИ»
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий АҚШнинг «тарихдаги энг қаттиқ санкциялар» таҳдидини Вашингтоннинг иложсизликдан далолат берувчи қадами деб атади. Мақоламиз Ҳурмуз бўғозидаги блокада, нефть нархлари ва можарога аралашган давлатлар ҳақида.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий АҚШ томонидан янги санкциялар жорий этилиши ҳақидаги таҳдидни Вашингтоннинг «иложсизлик белгиси» деб атади ва бу чоралар ҳам Теҳронни таслим қила олмаслигини билдирди.
АҚШ молия вазири Скотт Бессент душанба куни Эронга қарши «тарихдаги энг қаттиқ санкциялар» жорий этилиши мумкинлигини айтган. У бу масала юзасидан матбуот анжумани ўтказиши кутилмоқда.
Эрон иқтисодиёти аллақачон халқаро санкциялар оқибатида улкан босим остида. Мамлакат инфратузилмаси бир неча бор зарбаларга учради, 28 февралдан АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳужумларни бошлаганидан бери ҳаво зарбалари оқибатида минглаб одамлар ҳалок бўлган.
Шунга қарамай, қарийб олти ойлик урушдан кейин ҳам Теҳрон чекиниш ниятида эмас. Эрон Ҳурмуз бўғозида кемалар ҳаракатини деярли тўхтатиб қўйган ва рухсат берилмаган нефть танкерларининг бу стратегик сув йўлидан ўтишига йўл қўймаяпти.
Ҳурмуз бўғози жаҳон нефть савдоси учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлгани сабабли, амалдаги блокада халқаро бозорларда нефть нархларининг ошишига олиб келди.
Аббос Ароқчий Telegram орқали тарқатилган видеомурожаатида АҚШнинг ҳаракатларини «такрорланаётган сценарийлар» деб атади.
«Уларнинг ҳарбий амалиётлардан яна ўша эски режалар – санкцияларга қайтиши уларнинг иложсиз аҳволга тушганини кўрсатади», – деди у.
Эрон ташқи ишлар вазири Вашингтон Теҳрон билан келишувга эришмоқчи бўлса, Эронга ҳурмат билан муносабатда бўлиши ва «адолат ҳамда ор-номусга асосланган ечим» излаши кераклигини таъкидлади.
«Биз ҳеч қачон қўрқмаганмиз. Уларнинг барча ҳаракатлари – блокада бўладими ёки бошқа ҳарбий чораларми – муваффақиятсизликка учради. Бу янги ҳаракатлари ҳам муваффақиятсиз бўлади», – деди Ароқчий.
АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга «ҳар қандай кўринишда ёрдам» кўрсатадиган давлатлар иқтисодий оқибатларга дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
АҚШ молия вазири Бессент айниқса Хитойни Вашингтон билан ҳамкорлик қилишга чақирди. Kpler таҳлилий компаниясининг 2025 йилги маълумотларига кўра, Хитой Эрон денгиз орқали экспорт қиладиган нефтининг 80 фоиздан ортиғини сотиб олади. Пекин эса можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирмоқда.
ПОКИСТОН АРМИЯСИ ҚЎМОНДОНИ ТЕҲРОНГА БОРАДИ
Эрон расмийларига кўра, Покистон армияси қўмондони Осим Мунир душанба куни Теҳронга ташриф буюради. Ташриф минтақада тинчлик ва хавфсизликни тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида тақдим этилмоқда.
Покистон можарода воситачилик қилишга ҳаракат қилмоқда. Покистон ҳукуматидаги манбага кўра, Мунир Теҳрондаги музокараларда сўнгги воқеалар, жумладан АҚШнинг янги санкциялар ҳақидаги таҳдидини ҳам муҳокама қилади.
Трамп жума куни Вашингтон можарода «нима бўлишини кузатаётганини» айтди.
«Улар келишувга эришишни жуда хоҳлайди, аммо менинг фикримча, ҳали тўғри келишувга тайёр эмас», – деди Трамп Эрон ҳақида.
АҚШ ҳужумлари Эрон иқтисодиётига жиддий зарар етказди, мамлакат ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучларининг имкониятларини сезиларли даражада камайтирди. Бироқ Теҳрон ҳали ҳам нефть танкерлари ҳаракатига тўсқинлик қилиш ва минтақадаги рақибларига зарба бериш учун етарли ракета ва дрон салоҳиятига эга.
Эрон парламенти раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф шанба куни Теҳрон қўшни давлатлардан янги минтақавий хавфсизлик тизими ва иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича «кўплаб хабарлар» олганини билдирди.
У қайси давлатлар ҳақида гапираётганини очиқламади. Қолибоф АҚШни Исроил манфаатлари йўлида минтақадаги ўз иттифоқчиларининг ҳам хавфсизлигини таҳдид остига қўйишда айблади. Унинг фикрича, ташқи кучларга боғлиқ бўлмаган, минтақанинг ўзи шакллантирадиган янги тартиб тинчлик ва хавфсизликни таъминлаши мумкин.
Трамп уруш бошида белгилаган асосий мақсадларига ҳали эриша олгани йўқ. Улар орасида Эрон ядровий дастурини бартараф этиш ва мамлакат ичида диний раҳбариятни ағдариш учун шароит яратиш ҳам бор эди.
Эрон ядровий дастурининг ҳозирги ҳолати эса ноаниқлигича қолмоқда, чунки БМТ инспекторлари 2025 йилдан бери мамлакат ядровий объектларига киритилмаяпти.
Теҳрон кескин риторикасини сақлаб қолаётган бўлса-да, президент Масъуд Пезешкиён дипломатик ечим зарурлигини ҳам таъкидламоқда.
«Бугун, биз кучли ва қадр-қимматимизни сақлаб турган пайтда урушни тугатиш яхшироқ бўларди», – дея унинг сўзларини ISNA агентлиги келтирди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг