ЭЛЕКТР ВА ГАЗ ҚАРЗИ: КИМДИР ТЕЖАЙДИ, КИМДИР ИСРОФ ҚИЛАДИ
Қиш олдидан электр ва газ таъминоти, қарздорлик ва ноқонуний истеъмол масалалари яна долзарб бўлмоқда. Қибрай ва Балиқчи мисолида миллиардлаб сўмлик қарзлар, 900 млрд сўмлик зарар ва масъулият муаммоси таҳлил этилади.
Қиш яқинлашмоқда. Аҳоли электр энергияси ва табиий газ таъминоти барқарор бўлишини кутяпти. Айрим хонадонларда иситиш, электр жиҳозларидан фойдаланиш харажатлари ҳисоб-китоб билан режалаштирилаётган бир пайтда, бошқа жойларда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш, тўловларни кечиктириш ва катта миқдорда қарздорлик тўплаш ҳолатлари давом этмоқда. Бу эса табиий саволни келтириб чиқаради: нега ресурслардан фойдаланишда масъулият ҳаммада бирдек эмас?
Қибрай туманидаги ҳолат бу масаланинг бир кўриниши. Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан электр энергияси учун тўпланган 462 миллион 898 минг сўм қарздорлик ундирилди. Мазкур маблағ «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳисоб рақамига ўтказилди.
Бюро маълумотига кўра, жорий йилнинг ўтган 10 ойида электр энергияси бўйича 51 та суд қарори асосида жами 15 миллиард 465 миллион сўмлик ижро ҳужжатлари келиб тушган. Шундан 40 та ижро иши бўйича 10 миллиард 291 миллион сўм ундирилган.
462 миллион сўмлик қарздорлик ҳам кам маблағ эмас. Айниқса, бугун электр таъминотида узилишлар, тармоқлардаги юклама ва энергия ресурсларини тежаш зарурати ҳақида кўп гапирилаётган бир пайтда. Истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловни ўз вақтида амалга оширмаслик нима билан изоҳланади? Қарздорлик судгача етиб боришини кутиб ўтиришдан кўра, тўлов интизомини аввалроқ таъминлаш мумкин эмасми?
Муаммо фақат қарздорлик билан чекланмайди. Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳам жиддий ташвиш уйғотмоқда. Ўзэнергоинспекциянинг 4 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, жорий йилда 3 минг 60 та қоидабузарлик аниқланган. Жумладан, 144,3 миллион куб метр табиий газ ва 243,1 миллион киловатт-соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига 900,3 миллиард сўм зарар етказилган.
Бу рақамлар ортида фақат иқтисодий зарар эмас, балки назорат ва масъулият билан боғлиқ муаммолар ҳам бор. Ҳисоблагични четлаб ўтиш, тармоққа рухсатсиз уланиш ёки ресурсларни яширинча ўзлаштириш орқали кимдир ўз харажатини камайтираётгандир, аммо бунинг оқибати умумий тизимга тушади. Қолаверса, ноқонуний истеъмол тармоқлардаги юкламани ошириб, бошқа истеъмолчилар таъминотига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Табиий газ бўйича қарздорликлар ҳам эътиборга молик. Масалан, Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги 12 минг 450 нафар газ истеъмолчисидан 3 минг 712 нафарида 6 миллиард 562 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик шаклланган. 250 нафар фуқаронинг 2 миллиард сўмдан ортиқ қарзи бўйича судларга даъво аризалари киритилган. Яна 53 нафар истеъмолчининг 880 миллион сўмлик қарздорлиги сабаб газ таъминоти тўхтатилган.
Албатта, қарздорларнинг барчасини бир тоифага киритиш адолатдан эмас. Айрим оилаларнинг тўловни амалга ошириш имконияти чекланган. Бундай ҳолатларда ижтимоий ёрдам механизмлари ишлаши керак. Хусусан, 2026 йилнинг биринчи олти ойида 562 минг 918 та эҳтиёжманд оилага электр энергияси ва табиий газ учун жами 92,1 миллиард сўм компенсация тўлаб берилган.
Бироқ имконияти бўла туриб, тўловни амалга оширмаётганлар ёки ресурслардан ноқонуний фойдаланаётганларга нисбатан муносабат бошқача бўлиши лозим. Акс ҳолда, ўз ҳисоб-китобини вақтида қилаётган истеъмолчи билан қоидабузар ўртасидаги фарқ йўқолади.
Яна бир жиҳат бор: қарздорликни ундириш бўйича ижро ишлари кўплиги тизимдаги муаммо фақат қарзни қайтариш билан ҳал бўлмаслигини кўрсатади. Қарздорлик нима сабабдан тўпланяпти? Йирик истеъмолчиларнинг тўлов интизоми қандай назорат қилинмоқда? Ноқонуний уланишларнинг олдини олиш бўйича профилактика ишлари етарлими? Таъминотчи корхоналар қарздорлик катта миқдорга етмасидан олдин қандай чора кўряпти? Бу саволлар ҳам очиқ қолмаслиги керак.
Энергия ресурслари чекланган, уларни ишлаб чиқариш ва истеъмолчига етказиш эса катта харажат талаб қилади. Шунинг учун электр ва газдан фойдаланишдаги ҳар б
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг