ДЕНОВДА МАҲАЛЛА РАИСЛАРИ 45 ДАРАЖА ИССИҚДА СОЛИҚ ЙИҒИШГА МАЖБУРЛАНМОҚДА
Денов туманида маҳалла раисларига ер ва мол-мулк солиғини йиғиш бўйича кунлик режалар қўйилиб, ўта иссиқ ҳавода хонадонма-хонадон юриб, тушум таъминлаш талаб этилмоқда. Режани бажармаганлар иш ҳақидан 30 фоизгача ушлаш билан қўрқитилаётгани айтилмоқда.
Сурхондарё вилояти Денов туманида маҳалла раисларига ер ва мол-мулк солиғини йиғиш бўйича кунлик режалар белгилаб, уни бажармаганларни иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима қилиш топширилган.
Элтузарга йўлланган мурожаатда ҳаво ҳарорати 43–45 даражага етган кунларда ҳам маҳалла раисларидан хонадонма-хонадон юриб солиқ ундириш талаб қилинаётгани билдирилган. Мурожаат муаллифига кўра, белгиланган кўрсаткични бажармаган раислар ойлик маошидан ушлаб қолиш билан қўрқитилмоқда.
Таҳририятга тақдим этилган ҳужжат “Ер ва мол-мулк солиғи бўйича маълумот” деб номланган. Унда Денов туманида июль ойи учун солиқ тушуми режаси 9 миллиард сўм қилиб белгилангани қайд этилган.
Ҳужжатга кўра, 15 июлгача режанинг камида 50 фоизи – 4,5 миллиард сўм ундирилиши керак бўлган. Аммо амалда 2,2 миллиард сўм ёки режанинг 25,5 фоизи бажарилган. 15 июль куни туман бўйича 147 миллион сўм солиқ тушуми қайд этилган.
Маълумотномада тумандаги 17 та маҳалла бир кунда бир сўм ҳам солиқ ундирмагани, яна 16 та маҳаллада эса тушум бир миллион сўмга ҳам етмагани кўрсатилган.
Ҳужжатнинг “Топшириқ» қисмида кўрсаткичи паст бўлган 17 та маҳалла раиси ва уларга бириктирилган солиқ ходимларига “иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима чораси” қўллаш масаласи қайд этилган.
Яна бир топшириқда тумандаги жами 76 та маҳаллага ҳар куни 5 миллион сўмдан солиқ йиғиш режаси белгиланиши айтилган. Режани бажармаганлар бўйича ҳар куни танқидий муҳокама ўтказиш назарда тутилган.
Ҳужжатда айрим маҳалла раисларига нисбатан камситувчи ва таҳдидомуз руҳдаги жумлалар ҳам ишлатилган. Хусусан, солиқ тушуми паст бўлган раислар тўй ва маросимларда юришда айбланган.
Мурожаат муаллифи эса маҳалла раисларининг асосий вазифаси аҳоли муаммоларини ўрганиш ва одамлар билан ишлаш эканини таъкидламоқда. Унинг айтишича, солиқ йиғиш учун ўта иссиқ ҳавода юришга мажбурлаш, қўшимча ҳақ тўламасдан режа белгилаш ва маошдан ушлаб қолиш билан қўрқитиш айрим раисларни ишдан кетиш ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда.
Масъул идоралардан маҳалла раисларига солиқ йиғиш режаси белгилашнинг ҳуқуқий асоси, 30 фоизлик жарима қўллаш топшириғи ва ходимларнинг хавфсиз меҳнат шароити бўйича тушунтириш бериш сўралмоқда.
Элтузар тақдим этилган ҳужжатнинг келиб чиқиши ва ундаги топшириқларнинг амалда ижро этилганини мустақил равишда тасдиқлай олмади. Денов тумани ҳокимлиги, туман солиқ инспекцияси ва Маҳаллалар уюшмаси расмий муносабат билдирса, таҳририят уни тўлиқ эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг