Наманган вилояти Давлатобод тумани Қурмақ қишлоғида узунлиги тахминан 1,5 километр бўлган зовур ҳеч қандай ҳужжат ва рухсатномаларсиз тупроқ ҳамда чиқиндилар билан тўлдириб кўмиб юборилди.

Бунинг оқибатида ер ости сувлари кўтарилиб, қишлоқни зах босиш бошланди. Куз ва қиш мавсумида ҳожатхоналар сувга тўлади, дарахтлар қуриб боряпти.

Шунингдек, аҳолининг Элтузарга мурожаатда яна бир ҳолат тилга олинган. Унга кўра, шу туманнинг Хонобод қишлоғида газ тармоғи тортиб бериш ваъдаси билан ҳар бир хонадондан 7 миллион сўмдан маблағ йиғилган, аммо ишлар амалга ошмаган. Тегишли идоралар бу ҳолатга кўз юммоқда.

Аҳоли ушбу масалалар юзасидан туман ҳокимлигидан юқори мутасадди давлат органлари, прокуратура, Экология вазирлиги ҳамда Кадастр ва сув хўжалиги ташкилотларидан холис ўрганиш ўтказишни, зовурнинг қонуний асосда кўмилган-кўмилмагани ва келтирилган экологик зарарга ҳуқуқий баҳо беришни сўрамоқда.