ДАВЛАТ ТАШКИЛОТЛАРИДА “АЙЛАНМА ЭШИК” ЁПИЛАДИ-МИ?
Ўзбекистонда давлат органларидан кетган раҳбар ва бошқарув ходимларининг ўзлари назорат қилган ташкилотларга ишга ўтишини чекловчи, коррупция хавфини баҳолашга асосланган янги низом тасдиқланиши режалаштирилмоқда.
Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотларидан ишдан бўшаган ходимларни ўзлари назорат қилган ташкилотларга ишга қабул қилиш тартибини белгилайдиган янги низом тасдиқланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги буйруғи лойиҳасида назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, давлат органи ёки давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган ташкилотларда ишлаган раҳбар ва бошқарув ходимлари хизматдан бўшатилганидан кейин икки йил ичида аввал назорат қилган ташкилотларга ишга киришдан олдин коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасининг хулосасини олиши шарт бўлади.
Низомнинг асосий мақсади манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий хавфларнинг олдини олиш, шунингдек халқаро амалиётда “айланма эшик” деб аталадиган ҳолатларни чеклашдан иборат.
Ҳужжатда коррупциявий хавф даражалари “паст”, “ўрта” ва “юқори” тоифаларга ажратилган. Паст хавф ҳолатида ишга қабул қилишга розилик берилади, ўрта хавфда муайян чекловлар билан ишга қабул қилиш мумкин бўлади, юқори хавф аниқланганда эса ишга қабул қилиш рад этилади.
Хулоса 10 иш куни ичида тайёрланиши, зарур ҳолларда бу муддат яна 5 иш кунига узайтирилиши белгиланган. Хулосасиз ишга қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, хулосадан норози томонлар юқори турувчи тузилма, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ёки суд орқали шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Янги низом нима беради?
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ишлаб чиққан мазкур низом давлат бошқарувида кўп муҳокама қилинадиган “айланма эшик” амалиётини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланиши мумкин.
“Айланма эшик” деганда давлат хизматчиси ёки масъул ходимнинг ўзи назорат қилган ёки қарор қабул қилиш орқали таъсир кўрсатган ташкилотга хизматдан кетгач ишга ўтиши тушунилади. Бундай ҳолат манфаатлар тўқнашуви ва коррупция хавфини кучайтириши мумкин. Низом айнан шу хавфни камайтиришни мақсад қилган.
Ҳужжатнинг муҳим жиҳати шундаки, у фақат формал тақиқ билан чекланмайди. Ишга қабул қилишдан олдин ички коррупцияга қарши назорат бўлинмаси томонидан таҳлил ўтказилиши белгиланган. Бунда ходимнинг аввалги ваколатлари, янги лавозими, қарор қабул қилишга таъсири ва ҳатто интизомий жазолари ҳам ўрганилади.
Низомнинг яна бир эътиборли жиҳати хавфларни уч босқичда баҳолаш тизими ҳисобланади. Масалан, техник ёки хизмат кўрсатиш вазифалари билан боғлиқ лавозимлар паст хавф деб баҳоланиши мумкин. Аммо давлат харидлари, лицензиялаш ёки молиявий бошқарув билан боғлиқ лавозимлар юқори хавф тоифасига киритилган.
Шу билан бирга, айрим саволлар ҳам очиқ қолмоқда. Масалан, “билвосита назорат” тушунчаси кенг талқин қилиниши мумкин. Бу эса амалиётда хулоса беришда турлича ёндашувларга сабаб бўлиши эҳтимолини сақлаб қолади. Шунинг учун агентлик зиммасига ягона амалиёт ва услубий ёндашувни шакллантириш вазифаси юклатилгани бежиз эмас.
Умуман олганда, мазкур низом давлат хизматида шаффофликни кучайтириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган профилактик механизм сифатида аҳамиятга эга. Бироқ унинг самараси кўпроқ хулоса бериш жараёнининг мустақиллиги ва бир хил қўлланилишига боғлиқ бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг