Дунё олимлари динозаврлар 66 миллион йил аввал қирилиб кетганини айтишади. Аммо улар Ўзбекистон давлат аппаратини ўрганмаган кўринади.

Хайриддин Султонов – ўзбек амалдорларининг тирик динозаври. Сиёсий даврлар алмашди, президентлар алмашди, ҳукуматлар келди-кетди, вазирлар тайинланди, ишдан олинди, баъзилари қамалди. Аммо Хайриддин ака ҳамон сафда!

Каримов даврида ҳам бор эдилар. Мирзиёев даврида ҳам борлар. Насиб қилса, келажак авлодлар ҳам у кишини давлат аппаратининг тарихий ёдгорлиги сифатида зиёрат қилишар.

Энг қизиғи, Хайриддин ака бир неча кун олдин берган интервьюсида давлат хизматини армияга қиёслабдилар:

«Ўзи чақириб бўшатмаса – кетолмайсан».

Ажойиб фалсафа!

Демак, Ўзбекистонда давлат хизмати иш эмас, муддатсиз ҳарбий хизмат экан. Фақат аскарлар демобилизация қилинади, генераллар пенсияга чиқади, Хайриддин ака эса қолаверадилар.

Балки шунинг учун ҳам мамлакатда кадрлар ислоҳоти оғир кечаётгандир? Ёшларга жой бўшаши учун аввал динозаврлар даври тугаши керак. Бизда эса динозаврлар нафақат тирик, балки ҳалигача давлат аппаратида фаолият юритмоқда.

Хайриддин аканинг сирини NASA эмас, Ўзбекистон Фанлар академияси ўрганиши керак. Қандай қилиб бир амалдор бутун бошли сиёсий эпохалардан омон ўтиши мумкин?

Балки бу узоқ умр кўришнинг янги формуласидир: камроқ гапир, кўпроқ мослаш, креслони маҳкам ушла!

Аслида, Хайриддин аканинг гапларидан бир савол туғилади: агар давлат хизматида фақат чақириб бўшатишса, унда у кишини чақирганлар аллақачон кетган бўлса, энди ким бўшатади?

Каримов кетди. Каримовнинг атрофидагилар кетди. Бутун бир сиёсий авлод тарихга айланди.

Хайриддин ака эса ҳали ҳам шу ерда.

Палеонтологияда бундай жонзотларни «тирик қазилма» дейишади.

Ўзбекистонда эса – президент маслаҳатчиси.

Энг даҳшатлиси, динозаврлар даври тугамаган экан, музлик даврини ҳам кутишимизга тўғри келмасмикин?!