Чуст туманида 600 минг сўмлик қарз масаласида келиб чиққан жанжал пайтида бир фуқарони пичоқлаб ўлдирган шахс 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг 2026 йил 2 июлдаги ҳукмига кўра, Сайдискандар Дадажонов Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми – қасддан одам ўлдиришда айбли деб топилган. У жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.

Суд ҳужжатларида қайд этилишича, воқеа 2026 йил 15 январь куни соат 21:30 ларда Чуст туманидаги “Қоракапа” маҳалласида содир бўлган.

Тергов талқинига кўра, Дадажонов 2025 йил декабрида бир танишидан 600 минг сўм олган. Қарзни ундириш мақсадида қарз берувчи яна бир таниши билан Дадажоновнинг уйига борган. Томонлар ўртасида тортишув бошланиб, жанжал муштлашувга айланган.

Гувоҳлар уларни ажратиб, Дадажоновни уйига киритиб юборган. Суд аниқлаган ҳолатларга кўра, у 5–10 дақиқадан кейин ошхона пичоғини олиб чиққан ва воқеа жойидан кетаётган фуқаронинг чап кўкрак қисмига бир марта урган.

Пичоқ зарбаси юракни тешиб ўтган. Суд-тиббий экспертиза хулосасида жабрланувчи ўткир ички ва ташқи қон кетиши ҳамда юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги оқибатида вафот этгани кўрсатилган.

Судланувчи айбига қисман иқрор бўлиб, жанжал давомида жабрланувчи уни ургани ва оила аъзоларини ҳақорат қилганидан ғазабланганини айтган. У қилмишини жаҳл устида содир этганини билдириб, жабрланувчининг оиласидан кечирим сўраган.

Ҳимоя томони Дадажонов ўзини ҳимоя қилгани ва кучли руҳий ҳаяжон ҳолатида ҳаракат қилганини билдириб, айбловни енгилроқ моддага қайта малакалашни сўраган.

Бироқ суд бу важларни қабул қилмаган. Ҳукмда жанжал тўхтатилиб, томонлар ажратилганидан кейин судланувчи уйга кириб кетгани, бир неча дақиқадан сўнг пичоқни яширган ҳолда қайтиб чиқиб, жабрланувчининг ҳаёт учун муҳим аъзоси – юрак соҳасига зарба бергани қайд этилган.

Шу сабабли суд мазкур ҳаракатни зарурий мудофаа ёки тўсатдан юзага келган кучли руҳий ҳаяжон ҳолатида содир этилган жиноят деб баҳоламаган.

Дастлабки терговда Дадажоновга таъмагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш бўйича айблов қўйилган эди. Аммо суд жабрланувчи бевосита қарз берган шахс эмаслиги ва уни ўлдириш орқали судланувчи қарздан қутулмаганини инобатга олиб, айбловни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмига қайта малакалаган.

Суд Дадажоновнинг қисман иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаган. Жабрланувчининг қонуний вакили моддий ва маънавий зарар ундиришдан воз кечган, бироқ судланувчига қонуний ва оғир жазо тайинланишини сўраган.