Наманган вилояти Чортоқ туманида кўприкнинг ёпилиши ортидан йўлларда узоқ тирбандликлар юзага келаётгани айтилмоқда. Аҳоли жазирама иссиқда соатлаб йўлда қолиб кетаётганидан шикоят қилмоқда.

Бу ҳақда Чортоқ аҳолиси номидан Элтузарга мурожаат келиб тушди.

Мурожаат муаллифининг айтишича, кўприк ёпилганидан кейин транспорт ҳаракатини тартибга солиш, муқобил йўл ташкил этиш ва аҳоли учун зарур шароит яратиш масалалари етарлича ҳал қилинмаган. Оқибатда ҳайдовчилар ва йўловчилар узоқ тирбандликларда қолиб кетмоқда.

«Оддий халқ ҳам одам». Чортоқликларнинг бу норозилигига сабаб бўлган тирбандликни Элтузарнинг махсус видеосида кўринг.

“Катта раҳбарлар келса ёки ҳудуддан ўтадиган бўлса, ЙҲХХ ходимлари ва профилактика инспекторлари дарҳол келиб, йўлни назорат қилади. Аммо жазирама иссиқда оддий Чортоқ халқи қийналиб юрганида масъуллар кўринмайди”, – дейилади мурожаатда.

Аҳолининг таъкидлашича, кўприкни ёпишдан олдин транспорт оқимини бошқа йўналишларга тақсимлаш, йўл ҳаракатини доимий назорат қилиш ва тирбандликларнинг олдини олиш чоралари кўрилиши лозим эди.

Мурожаатда ҳозирги ҳолат яна икки йилгача давом этиши мумкинлиги ҳақида аҳолига маълум қилингани ҳам айтилган.

“Оддий халқ яна икки йил шу аҳволда қийналадими? Кўприкни ёпгандан кейин одамлар учун шароит яратиш мумкин эди-ку. Оддий халқ ҳам одам”, – дейди мурожаат муаллифи.

Чортоқ аҳолиси туман ҳокими Илҳомжон Сатторов ҳамда йўл ва транспорт ҳаракатига масъул ташкилотлардан муаммога эътибор қаратишни, тирбандликларни камайтириш ва аҳоли учун хавфсиз ҳаракатланиш шароитини яратишни сўрамоқда.

Элтузар мурожаатда келтирилган ҳолатлар юзасидан Чортоқ тумани ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлардан расмий муносабат кутади. Таҳририят уларнинг жавобини эълон қилишга тайёр.