БУХОРОДА ПАХТА РЕЖАСИ ФАҚАТ ҚОҒОЗДА БАЖАРИЛДИ
Бухоро вилоятида 442 минг тонна деб кўрсатилган пахта режаси амалда тўлиқ бажарилмагани, расмий ҳисоботлар билан омборлардаги ҳақиқий ҳажм ўртасида катта тафовут борлиги айтилмоқда. Матнда «приписка» хавфи ва унинг иқтисодий оқибатлари ёритилди.
Бухоро вилоятида 442 минг тонна пахта топшириш бўйича шартномавий режа тўлиқ бажарилмади. Элтузарга келиб тушган маълумотларга кўра, расмий ҳисоботлардаги рақамлар билан пахта қабул қилиш масканларидаги ҳақиқий ҳолат ўртасида катта тафовут бор.
Режада кўрсатилган пахтанинг қарийб 50–60 фоизи амалда қабул қилиш омборларига киритилмаган. Гап 221–265 минг тонна атрофидаги маҳсулот ҳақида кетмоқда.
Хўш, омборга кирмаган пахта ҳисоботларда қандай қилиб қабул қилинган маҳсулот сифатида акс этган? Гап шундаки, Бухоро вилоятининг айрим туманларидаги пахта тозалаш корхоналари ва кластер омборларида ҳақиқий маҳсулот ҳажми ҳисобот кўрсаткичларига мос келмайди.
Жумладан, Азамат Султонов раҳбарлигидаги «Бухоро Агрокластер» фаолияти шубҳа туғдиради. Айрим фермерларга ҳосил етишмаган шароитда ҳам шартномавий режа бажарилгани ҳақида ҳужжатларни расмийлаштириш талаби қўйилган.
Бу вазият пахтачилик соҳасидаги эски «приписка», яъни амалда мавжуд бўлмаган маҳсулот ҳажмини ҳисоботга қўшиб ёзиш ҳолатлари юзасидан жиддий текширув ўтказишни талаб этади.
Бундай тафовутнинг иқтисодий оқибатлари ҳам катта албатта. Пахта етиштириш учун ажратилган кредитлар, кластерларнинг фермерлар олдидаги мажбуриятлари, қайта ишлаш корхоналарининг хомашё таъминоти ва молиявий ҳисоботлар ҳаққонийлиги савол остида қолади.
Шу ўринда масъул идоралардан аниқ саволларга жавоб кутамиз: 442 минг тонна пахтанинг қанча қисми амалда қабул қилинган? Қабул қилиш далолатномалари, электрон ҳисоботлар ва тарози қайдлари ўзаро мос келадими? Омборлардаги ҳақиқий қолдиқлар мустақил хатловдан ўтказилганми?
Бухоро вилояти ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, прокуратура ва ваколатли молиявий назорат органлари ушбу маълумотларни холис ўрганиши, пахта қабул қилиш ҳужжатларини ҳақиқий маҳсулот ҳажми билан солиштириши ҳамда текширув натижаларини жамоатчиликка эълон қилиши зарур.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг