Бухоро Мақом мактаби ўқитувчилари номидан Элтузарга йўлланган мурожаатда таълим муассасасида дарс соатларини тақсимлаш, устама ва иш ҳақини ҳисоблаш жараёнларида жиддий қонунбузилишлар бўлаётгани иддао қилинди.

Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, асосий ўқитувчиларнинг дарс юкламаси тўлдирилмасдан туриб янги ўқитувчилар ишга қабул қилинади. Энг жиддий даъво эса директор ўринбосари Р.Н. дарс соатларини айрим ўқитувчиларга пул эвазига ажратаётгани ҳақида.

«Айримлар хонага кириб, тезда ишини битириб, соатини кўтариб чиқади. Қолган ўқитувчилар эса кунлаб эшик тагида кутади», – дейилади мурожаатда.

Шунингдек, устама олиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш баҳонасида ҳам пул талаб қилиниши ҳақида иддаолар келтирилган.

Ўқитувчилар мактаб директори И.Б., унинг ўринбосари Р.Н. ва бухгалтер М. ўртасида тез-тез жанжаллар юз беришини, бундай тортишувлар баъзан ўқитувчи ва ўқувчилар олдида ҳам содир бўлишини ёзган.

Мурожаатда бухгалтерия фаолиятига ҳам эътироз билдирилган. Ўқитувчиларнинг айтишича, маош, таътил пули ва устамалар ҳисобида бир неча бор хатолар кузатилган ва бу масала юзасидан юқори турувчи идораларга ҳам мурожаат қилинган.

Муаллифлар Р.Н.нинг «юқорида танишлари бор» деган гаплар мактабда йиллардан бери тарқалиб келаётганини ва шу сабаб кўпчилик шикоят қилишдан қўрқишини ҳам таъкидлаган.

«Ахир биз ўқитувчиларнинг нима айбимиз бор? Ишга кирганимизда бу даргоҳ кимнингдир хусусий ишхонасига айланганини билмаган эдик-ку», – дейилади мурожаат якунида.

Элтузар мурожаатда келтирилган дарс соатларини пулга бериш, устама учун маблағ талаб қилиш ва молиявий ҳисоб-китобларга оид даъволарни мустақил равишда тасдиқлагани йўқ.