Элтузарга Бухоро вилоятида маҳалла еттилиги аъзолари ва маҳалла банкирларини Мустақиллик байрами муносабати билан белгиланган дам олиш кунларида ҳам ишга жалб қилиш режалаштирилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди.

Мурожаат муаллифларининг билдиришича, ходимлар дам олиш кунларида маҳаллаларга чиқиб, ишсиз ва камбағал фуқароларни махсус сўровнома асосида хатловдан ўтказиши талаб қилинмоқда.

Ходимлар эса байрам муносабати билан белгиланган тўрт кунлик дам олиш даври учун оилавий ва шахсий режалар тузиб қўйганини, шунга қарамай улардан ишга чиқиш талаб қилинаётганини айтмоқда.

«Дам олиш кунлари ходимларнинг оиласи ва шахсий режалари мавжудлигига қарамасдан, ишлаш талаб қилинмоқда. Бундай ҳолат ходимларнинг қонуний дам олиш ҳуқуқларига дахл қилади, деб ҳисоблаймиз», –  дейилади Элтузарга йўлланган мурожаатда.

Мурожаатчилар масъул идоралардан мазкур ҳолатни холис ўрганиш, ходимларни расмий дам олиш кунларида ишга жалб қилишнинг қонунийлигига ҳуқуқий баҳо бериш ва зарур бўлса тегишли чоралар кўришни сўрамоқда.

Ҳозирча Бухоро вилоятидаги масъул ташкилотлар мазкур мурожаат юзасидан расмий изоҳ бергани маълум эмас.