Бухоро давлат техника университетида бўлим администраторлари, муҳандис ва бошқа техник ходимларга 100 фоиздан 300 фоизгача устама белгиланди.

Элтузарга тақдим этилган расмий ҳужжвтларга кўра, университет ректори С. Сиддиқованинг 2026 йил 30 октябрдаги У-861-сон буйруғи асосида 22 нафар ходимга турли миқдорда қўшимча ҳақ белгиланган. Айрим ходимларга 300, 200, 180 ва 150 фоизгача устама тайинланган.

Буйруқда ушбу тўловлар университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўрсатилган.

Албатта, юқори натижа кўрсатган ходимларни моддий рағбатлантириш муҳим. Бироқ 300 фоизлик устама тайинлаш учун қандай меҳнат натижалари, хизматлар ёки самарадорлик кўрсаткичлари асос қилиб олинган?

Нега айнан 22 нафар ходим танланди? Устама белгилашда профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар ва бошқа тоифадаги ишчилар учун қандай имкониятлар яратилган ўзи?

Устамаларни тақсимлаш жараёнида шаффофлик ва адолат тамойилларига амал қилинмайди, афтидан.

Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳам самарали ва асосли сарфланиши лозим. Шу боис Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда ваколатли назорат органларидан ушбу буйруқнинг ҳуқуқий асослари, устама белгилаш мезонлари ва маблағларни тақсимлаш тартибини ўрганишни сўраймиз.

Университет раҳбариятининг ҳам бу борадаги расмий изоҳи жамоатчилик учун муҳим.

Зеро, университетда. меҳнатни рағбатлантиришда адолат ва шаффофлик устувор бўлмаса, манфаатлар тўқнашуви асосида гуруҳбозлик давом этаверади.