Бухоро давлат университетида 16–21 ноябрь кунлари ишчи гуруҳ фаолият юритиши кутилмоқда. Университет ходими Элтузарга юборган ички хабарларда шу кунлари ходимлардан соат 08:30 дан 18:00 гача иш жойида бўлиш, расмий кийимда юриш ва саволларга жавоб беришга тайёр туриш талаб қилинган.

Хабарларда сиртқи таълим жараёни уч кун давомида жойига чиқиб ўрганилиши режалаштирилгани айтилган. Бош мутахассисларга сиртқи таълим талабалари ўқишга чақирилган бўлса, дарс жадвалини имкон қадар тўлиқ шакллантириш, ўқитувчи ва талабаларни кечикмаслик ҳақида огоҳлантириш топширилган.

Агар 16–21 ноябрь кунлари декан, кафедра мудири ёки университет департаменти ходими бирор дарсни жадвалдан олиб ташлашни сўраса, унинг ўрнига имкони борича бошқа фан қўйилиши сўралган. Дарслар орасида бўш соат қолмаслиги ва бирор гуруҳ бутун кун дарссиз қолмаслиги ҳам таъкидланган.

Элтузарга маълумот юборган ходимнинг айтишича, университет раҳбарияти ва барча бўлим бошлиқларини аттестациядан ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Манба дипломлар, жумладан, имтиёз асосида ёки академик қарзи бўлган талабаларга берилгани айтилган дипломлар ҳам текширилаётганини билдирган.

Элтузарга тақдим этилган ички хабарларда аттестация ёки дипломлар текшируви ҳақида маълумот келтирилмаган.