Хоразм вилояти Боғот туманида аҳолига сотилаётган кўмирнинг нархи ошиб, сифати тушиб кетди. Табиий газ етиб бормаган маҳаллаларда яшовчи фуқаролар қиш мавсумида уйларини иситиш учун катта маблағ сарфлашга мажбур бўлмоқда.

Маълум бўлишича, Боғот тумани кўмир омборида аҳоли учун мўлжалланган ёқилғининг бир тоннаси 815 минг сўмдан сотиляпти. Аввалги йилларда эса унинг нархи тахминан 330 минг сўм бўлган.

«Ўзбеккўмир»нинг 2026 йил 25 октябрдан бошлаб амал қилиши айтилган бошланғич улгуржи нархлари кўмир маркасига қараб 280 минг сўмдан 512 минг сўмгача экани ҳақидаги маълумотлар фонида Боғотдаги чакана нархнинг шаклланиши шубҳали. Улгуржи ва чакана нархлар ўртасидаги фарқ ташиш, сақлаш ва бошқа харажатларни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Бироқ бу харажатларнинг аниқ ҳисоб-китоби қани?

Кўмир сифати ўта пасайган. Айрим фуқаролар сотиб олинган кўмир таркибида қум ва майда чиқиндилар кўплигини таъкидлашяпти. Шунингдек, омборда кўмир элакдан ўтказилиб, сараланган қисми бир тоннаси 2 миллион 100 минг сўмдан таклиф этиляпти.

Қиммат кўмирдан қолгани кукунми? Боғотдан Элтузарга йўлланган видео.

Бундан ташқари, кўмирни транспорт воситасига юклаш учун ҳар тоннасига қўшимча 50 минг сўм тўлов юки ҳам бор. Ҳисоб-китобларга кўра, бир оила ёки бир нечта хонадон қиш мавсуми учун 5 тонна кўмир харид қилса, ёқилғининг ўзига 4 миллион 75 минг сўм, юклаш харажатлари билан жами 4 миллион 325 минг сўм сарфланади. Бу чиқим – пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилалар учун юк.

Масъул ташкилотлар томонидан кўмирнинг харид нархи, маркаси, сифат кўрсаткичлари, савдо устамалари ва қўшимча хизмат ҳақлари очиқлансин.