Хоразм вилояти Боғот тумани Боғзор маҳалласидаги «Истиқлол тонги» кўчаси аҳолиси кўчанинг қолган 80 метрига ҳам асфальт ётқизишни сўраб, Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.

Элтузарга видео илова қилинган мурожаатда айтилишича, «Ташаббусли бюджет» орқали ғолиб бўлган лойиҳа доирасида асфальтлаш бошланган, аммо ишлар кўча охиридаги тўртта хонадон олдигача етиб бормаслиги мумкин.

300 метрлик кўча ҳужжатларда қандай қилиб 220 метрга айланди? Аҳоли нима деяётганини эшитинг.

Аҳоли вакилларининг айтишича, улар кўчани асфальтлаш учун овоз тўплаб, танловда ғолиб чиққан. Мурожаатда кўчанинг узунлиги 300 метр экани, маҳалла раиси ва туман масъуллари эса аҳолини хабардор қилмасдан ҳужжатда 220 метр деб кўрсатгани айтилган.

Аҳоли бу масалада Боғот тумани ҳокимига ҳам видеомурожаат йўллаганини, аммо ҳокимликдан жавоб олмаганини билдирган. Энди улар Президентдан масалани назоратга олишни ва техника кўчадан олиб кетилмасидан олдин қолган 80 метрга ҳам асфальт ётқизишда ёрдам беришни сўрамоқда.

Лойиҳа ҳужжатларида кўча узунлиги қанча кўрсатилгани ва тафовут сабаби ҳозирча мустақил тасдиқланмаган. Боғот тумани ҳокимлигининг бу масала бўйича позицияси ҳозирча маълум эмас.