Элтузарга Хоразм вилояти Боғот тумани ҳокими Жаҳонгир Назаровга тегишли экани айтилган аудиоёзув ва ходимлар номидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, аудиода ҳоким қўл остидагиларни «кўт», «жалаб» каби сўзлар билан ҳақорат қилади.

Жаҳонгир Назаров Боғот тумани ҳокими экани расмий манбаларда қайд этилган. Аудиодаги овознинг айнан унга тегишлилигини Элтузар мустақил тасдиқлай олди.

Боғот тумани ҳокими Жаҳонгир Назаровга тегишли экани айтилган аудиоёзувда ходимларга қандай сўзлар айтилган? 🎧 Видеони қўйинг ва ўзингиз эшитинг!

Мактуб муаллифлари кундалик иш муҳитини шундай тасвирлайди: «Кунда мажлис ва яна мажлис». Уларнинг айтишича, раҳбар йиғилишда аёллар борлигини ҳам инобатга олмай, оғзига келган сўзлар билан сўкинади. Мурожаат охиридаги эса «шуни ёритинглар, зора сал-пал қисиб юрса» деган хитоб ҳам бор.

Ходим раҳбаридан ҳурмат талаб қилиш ўрнига, ҳеч бўлмаса камроқ сўкинишини сўраяпти. Бундан ҳам аянчли бошқарув манзараси борми?

Ҳокимга туманни бошқариш ваколати берилган. Одамларнинг шаънини топташ ваколатини унга ҳеч ким бермаган. Мажлисга чақирилган ходим ҳам бировнинг отаси, онаси, фарзанди. У маош эвазига меҳнатини таклиф қилган, қадр-қимматини сотмаган.

Айрим раҳбарларнинг тасаввурида стол муштлаш – талабчанлик, бақириш – бошқарув, сўкиниш эса иш юритиш усулига айланиб қолган. Кейин бунинг устига «ишни деб куйинади», «характери шунақа» деган парда тортилади.

Характери шунақа бўлса, нега унинг оғирлигини ходимлар кўтариши керак? Нега раҳбарнинг ўзини тута олмаслигига бутун идора мослашиши шарт?

Талабчан раҳбар вазифани аниқ қўяди, натижани сўрайди, камчиликни далил билан кўрсатади. Ҳақоратнинг эса иш сифатига қўшадиган ҳеч қандай ҳиссаси йўқ.

Қўрқитилган ходим муаммони очиқ айтишдан чўчийди. Ҳақорат эшитмаслик учун раҳбарга ёқадиган ҳисобот тайёрлайди. Оқибатда йиғилишда ҳамма нарса «зўр», ташқарида эса муаммо муаммолигича қолаверади. Шундай муҳитда ташаббусдан кўра сукут, ҳақиқатдан кўра хушомад хавфсизроқ бўлиб қолади.

Ҳокимларнинг оғзи шалоқлиги ҳақидаги ҳар бир хабарга «яна биттаси» деб қўл силташ ҳам ҳақоратни одатий ҳолга айлантиради. Жамият кўникиб қолгани учун таҳқир таҳқирлигини йўқотмайди.

Ҳоким курсиси сўкиниш учун минбар эмас. Халқ пулидан маош оладиган раҳбар одамларга ҳурмат билан муомала қилишни ҳам лавозимининг мажбурияти деб билсин.