ЭНГ ЙИРИК КРИПТОВАЛЮТА БИРЖАСИДА ЭНГ ЙИРИК ЎҒРИЛИК СОДИР БЎЛДИ
Binance криптобиржаси тарихдаги энг йирик киберҳужумга учраб, тахминан 6,3 млрд долларлик активлар ўғирланди. Компания захирасидан зарарни тўлиқ қоплаш ва мижозлар активларини ҳимоя қилишни ваъда қилмоқда.
29 октябрь куни дунёдаги энг йирик криптовалюта биржаси – Binance кенг кўламли киберҳужумга учради. Хакерлар биржа ҳамёнларидан тахминан 6,3 миллиард долларлик криптоактивларни ўғирлади. Бу криптовалюталар тарихидаги энг йирик ўғирлик сифатида баҳоланмоқда.
30 октябрь куни Binance ҳамраиси Ричард Тенг компания ўғирланган маблағларни қоплаш учун ўз захирасидан 6,34 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу сумманинг 5 миллиард доллари аллақачон Bitcoin, Ethereum, USDT, USDC ва BNB каби криптоактивларда сақланмоқда.
«Биз киберҳужум оқибатида етказилган барча зарарни компания маблағлари ҳисобидан қоплаш мажбуриятини оламиз. Сизнинг активларингиз хавфсиз», – деди Тенг.
Дастлабки текширувларга кўра, ҳужум ходимлардан бирининг ноутбуки бузиб кирилиши орқали бошланган бўлиши мумкин. Кейинчалик хавфсизлик тизимида қўшимча заиф нуқталар ҳам аниқланган.
Блокчейн таҳлилчилари ҳужум ортида Шимолий Кореяга алоқадор хакерлар турган бўлиши мумкин деб ҳисобламоқда.
Компания маълумотича, ҳамкор ташкилотлар ёрдамида ўғирланган активларнинг қарийб 3 миллиард долларлик қисми музлатилган.
Ҳозирда Binance маблағларни ечиб олиш операцияларини вақтинча тўхтатган. Ричард Тенг хизматни 40 соат ичида, якшанба кунига қадар қайта ишга тушириш режалаштирилаётганини айтди. Биржа душанба куни ўз захиралари ҳақида тўлиқ ҳисобот эълон қилишни ҳам режалаштирмоқда.
Киберҳужум юзасидан тергов давом этмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг