БЕШАРИҚДА 150 МИНГ СЎМЛИК “АСР ОПЕРАЦИЯСИ”
Бешариқда тезкор тадбирчилар 150 минг сўм эвазига жуфтликка хона беришга рози бўлган фуқарони қўлга олди. Ксеронусха қилинган пуллар, ёзиб олинган суҳбатлар ва видеокузатув билан ўта «катта» операция қандай ўтгани ёритилди.
Бешариқда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ниҳоят жамоатчилик тинчини бузиб келган ўта хавфли “схема”ни фош этди. Схеманинг айланма маблағи – нақд 150 минг сўм.
Суд ҳукмига кўра, 2026 йил 22 апрель куни О.Н. ўз хонадонида бир жуфтликка учрашиш учун шароит яратиб беришга рози бўлган. Хизмат ҳақи 150 минг сўмга баҳоланган. Аммо “мижозлар” оддий мижоз эмас, ўзивузанинг қоракўзлар – тезкор тадбир иштирокчилари бўлиб чиқди.
Операцияга жиддий тайёргарлик кўрилган: пуллар олдиндан ксеронусха қилинган, телефон суҳбатлари ёзиб олинган, холислар чақирилган, видеокамералар шайланган. Қисқаси, 150 минг сўмлик операция гўё халқаро жиноий синдикатнинг молиявий маркази қўлга олинаётгандек ўтказилган.
Тезкор тадбир иштирокчилари хонага кириб, вазифани охиригача бажарганлар. Шундан кейингина ИИБ ходимлари камера билан кириб келган. Чўнтакдан чиққан 150 минг сўм ксеронусхадаги пулларга мос келгач, мамлакатда қонунийлик яна бир бор тантана қилган.
Бешариқ туман суди О.Н.ни қўшмачиликда айбли деб топиб, унга икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Энди унинг иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолинади.
Ҳукмда судланувчининг ишсиз экани ҳам қайд этилган. Демак, давлат аввал уни иш билан таъминлайди, кейин маошидан ўз улушини олади. Шу тариқа бир жиноят иши доирасида ҳам маънавият, ҳам бандлик, ҳам бюджет тушуми масаласи ҳал этилади.
150 минг сўм эса эгасига қайтарилган. Иккита DVD диск, стенограмма, ксеронусхалар ва бошқа материаллар тарих учун жиноят ишида сақланади.
Хуллас, йирик коррупция схемалари, миллиардлаб зарарлар ва бедарак бюджет маблағлари кутиб туриши мумкин. Бешариқда эса 150 минг сўмлик хавф бартараф этилди. Жамият энди хотиржам ухласа бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг