АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзоси, республикачилар партияси вакили Томас Масси мудофаа вазири Пит Хегсетни лавозимидан четлатишга қаратилган импичмент резолюциясини тақдим этди.

Reuters маълумотига кўра, ҳужжатда вазирга нисбатан саккизта айблов илгари сурилган. Улар орасида Конгресс рухсатисиз Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш, тинч аҳоли ҳимоясига оид қонунларни бузиш, Венесуэла ва Ямандаги ҳарбий операциялар давомида ваколатлардан ноқонуний фойдаланиш каби ҳолатлар бор. Шунингдек, Хегсет АҚШ сенатори Марк Келлига нисбатан босим ўтказганликда ҳам айбланмоқда.

Мудофаа вазири айбловларни рад этиб, импичмент ташаббусини сиёсий томоша деб атади. Президент Дональд Трамп эса Хегсетни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Вакиллар палатасида резолюция бўйича овоз бериш яқин кунларда ўтказилиши мумкин. Импичмент тасдиқланган тақдирда ҳам вазирни лавозимидан четлатиш учун Сенатда учдан икки қисм овоз талаб этилади.