ИМИЛЛАГАН ТЕЗ ЁРДАМ ЎЛИМЛИККА ЕТИБ КЕЛАДИ
Андижонлик II гуруҳ ногирони Гулҳаё Ҳамраева шошилинч тиббий ёрдамга ўз вақтида хизмат кўрсатилмагани, қабул бўлимида узоқ навбат ва лоқайдликка дуч келгани ҳақида шикоят қилди. У ҳолати оғирлашгач, охир-оқибат хусусий клиникада зарурий ёрдам олган.
Андижон вилоятида яшовчи, II гуруҳ ногирони Гулҳаё Ҳамраева Элтузарга мурожаат қилиб, Андижон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам муассасасида тиббий хизмат ўз вақтида кўрсатилмаганидан норозилик билдирди.
Беморнинг аҳволи кечки соат 20:00 атрофида оғирлашган. Ўғли тез ёрдам чақирган бўлса-да, узоқ вақт давомида бригада етиб келмагани сабабли уни таксида шошилинч тиббий ёрдам муассасасига олиб боришга мажбур бўлишди.
«Қабул бўлимида беморлар сони жуда кўп, тартиб яхши йўлга қўйилмаган, бир соатдан зиёд вақт давомида кутиб қолдик»
Бемор таъкидлашича, аввал қон босими ўлчаниб, кейин ЭКГ текширувига юборилди. Бироқ текширув натижалари кўрилганидан кейин ҳам биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмади.
«Мен икки марта инфарктни бошдан кечирганман, юрагимга стент қўйилган. Шунга қарамасдан аҳволим оғир бўлса ҳам, менга тез ёрдам кўрсатилмади», — дейилади мурожаатда.
Кейинчалик ўғли онахонни кардиология бўлимига олиб чиққан. Аммо у ерда ҳам шифокорлар томонидан етарли эътибор бўлмади.
Шундан сўнг бемор хусусий клиникага мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, хусусий тиббиёт муассасасида дарҳол кислород терапияси бошланди, зарур дори воситалари қўлланилган ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, аҳволи яхшиланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа масъул идораларга савол: Андижон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам муассасасидаги лоқайдлик сабаб одам ўлса кейин вазият ўзгарадими?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг