Ўзбек ота-оналарнинг фарзандлари учун бошқа таълим тилини танлаш ҳуқуқини чеклаш зарур. Бундай фашистик таклифни «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров уч кун олдин, 17 ноябрь куни бўлиб ўтган партия фракцияси йиғилишида билдирди.

Хуллас, пашша қўришдан зериккан «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров миллий тикланишнинг янги усулини топди: ўзбекларнинг ҳуқуқларини чеклаш!

Унинг фикрича, бошқа миллат вакиллари фарзандларига таълим тилини танлаш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин, аммо ўзбек ота-оналари бундай ҳуқуқдан маҳрум этилиши керак экан.

Ажабо! Ўзбекнинг ўз ватанида ўзбек бўлиб туғилгани унинг ҳуқуқлари чекланишига асос бўладими?

Конституциянинг 19-моддасида барча фуқаролар миллати ва тилидан қатъи назар, қонун олдида тенг экани белгиланган. «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 6-моддаси эса таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини кафолатлайди.

Қодировнинг таклифи ана шу тамойилларга қандай мос келади?

Энди боғча ёки мактабга ҳужжат топширган ота-онанинг миллати текшириладими? Отаси ўзбек, онаси тожик бўлган боланинг тақдирини ким ҳал қилади? Қодировнинг партиясими?

Ўзбек тилини ривожлантириш билан ўзбекнинг эркинлигини чеклаш ўртасида осмон билан ерча фарқ бор.

Алишер Қодиров ўзбек тилининг келажагидан чиндан ҳам хавотирда бўлса, нега ота-оналар фарзандларини бошқа тилдаги мактабларга беришни афзал кўраётгани билан қизиқсин.

Ўзбек мактабларида таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг маоши ва нуфузини кўтариш, замонавий дарсликлар яратиш, ўзбек тилидаги илм-фанни ривожлантириш учун курашсин.

Ўзбек тилини давлат идораларида, бизнесда, ахборот технологияларида, тиббиётда ва халқаро муносабатларда нуфузли тилга айлантириш ташаббуси билан чиқсин.

Ота-оналар ўзбек мактабини мажбуриятдан эмас, таълим сифати юқорилиги учун танласин!

Аммо бунинг учун меҳнат қилиш, бюджет маблағларининг сарфланишини назорат қилиш, мансабдорлардан ҳисобот талаб этиш керак. Тақиқлаш эса осон.

Қодиров бошқа тилда таълим олишни миллий хавфсизлик масаласи даражасига олиб чиқмоқда.

Аслида миллий хавфсизликка нима кўпроқ таҳдид солади? Боланинг уч-тўрт тилни билишими ёки бир тилда ҳам етарли билим ололмаслигими? Инглиз тилини ўрганган ўзбек боласими ёки коррупция туфайли таълимдан маҳрум бўлган ўзбек боласими?

Ватанпарварлик боланинг қайси тилда арифметика ўргангани билан ўлчанмайди. Ватанпарварлик – инсоннинг ўз юртида қадр-қиммати, ҳуқуқи ва эркинлиги ҳимояланганини ҳис қилишидан бошланади.

Ўзбек тилининг нуфузини кўтариш – эзгу мақсад. Аммо эзгу мақсад ҳам инсон ҳуқуқларини миллатга қараб тақсимлашни оқламайди.

Миллий тикланиш – миллатнинг ҳуқуқларини кенгайтиришдир, уларни тортиб олиш эмас.

Алишер Қодиров, ўзбек тилини юксалтиринг, ўзбекнинг ҳуқуқини пасайтирманг!

Ўзбек тилига тақиқлар эмас, тараққиёт керак. Ўзбек халқига эса васий эмас, эркинлик керак.

Ҳуқуқий асос: Қодировнинг 17 ноябрдаги баёноти, Конституциянинг 19-моддаси, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 6-моддаси ва «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонуннинг 38-моддаси текширилди. Қодировнинг ташаббуси ҳозирча қабул қилинган қонун эмас, таклифдир.