Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида собиқ профилактика инспекторининг хотини вояга етмаган қизга тан жароҳати етказгани учун судланди. Суд ҳужжатларида жабрланувчи қиз инспектор уни қўрқитиб, бир йилдан ортиқ вақт давомида жинсий алоқада бўлиб келганини айтган. Бироқ мазкур жиноят иши бўйича инспектор эмас, унинг хотини жавобгарликка тортилган.

2026 йил 6 октябрда Қуйичирчиқ туман жиноят ишлари бўйича суди 1993 йилда туғилган аёлни Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисми — қасддан баданга енгил шикаст етказишда айбдор деб топди. Унга бир йилу олти ой ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Элтуз ихтиёридаги суд ҳукмига кўра, судланган аёлнинг туруш ўртоғи илгари Қуйичирчиқ тумани ички ишлар бўлимида профилактика инспектори бўлиб ишлаган.

Судда аниқланишича, 2026 йил 10 май куни собиқ инспектор 2009 йилда туғилган вояга етмаган қизни Қуйичирчиқ туманидаги хизмат уйига олиб борган. Улар ўзаро яқин муносабатда бўлган пайтда инспекторнинг хотини хонадонга кириб келган. Эрини вояга етмаган қиз билан кўрган аёл ғазабланиб, қизни калтаклаган.

Жабрланувчининг суддаги кўрсатмаси эса воқеанинг яна бир жиддий жиҳатини очиб беради.

Қиз судда 2025 йил март ойида дугонаси билан мактабда юзага келган келишмовчилик сабабли 1-сонли ички ишлар бўлимига борганида профилактика инспектори билан танишганини билдирган.

Унинг кўрсатмасига кўра, инспектор шундан кейин уни қўрқитиб, у билан жинсий алоқада бўлиб келган.

Жабрланувчининг айтишича, 2026 йил 10 май куни инспектор унга телефон қилиб, учрашувга чақирган. Кейин уни автомашинасида хизмат уйига олиб борган ва у ерда ҳам қўрқитиб, жинсий алоқада бўлган.

Шу пайт инспекторнинг хотини келиб қолган. Қизнинг судда айтишича, аёл унинг сочидан тортиб, қўллари билан урган, қорнига тепган ва танасининг турли жойларига зарбалар берган.

Қиз хизмат уйидан чиқиб кетаётганида ҳам калтаклаш давом этган. Жабрланувчининг кўрсатмасида аёл уни ерга йиқитиб, лой ва ахлатни танасига суркагани, телефонини олиб ерга уриб синдиргани баён қилинган.

Кейинчалик қиз оила аъзолари ёрдамида Янгийўл шаҳридаги тиббиёт муассасасига олиб борилган.

Суд-тиббий экспертизаси жабрланувчида ёпиқ бош мия жароҳати, бурун суягининг ёпиқ синиши ва танасининг турли қисмларида қонталашлар мавжудлигини аниқлаган. Экспертлар бу жароҳатларни соғлиқнинг олти кундан ортиқ, аммо 21 кундан кўп бўлмаган муддатга бузилишига сабаб бўлган енгил тан жароҳатлари деб баҳолаган.

Суд мажлисида айбланувчи аёл ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Суд унинг кўрсатмалари, жабрланувчининг баёноти, тиббий экспертиза хулосаси ва бошқа далилларга таяниб, айбни исботланган деб топган.

Суд қарорига мувофиқ, маҳкуманинг иш ҳақидан 20 фоиз давлат даромадига ушлаб қолинади. Жазо ижросини назорат қилиш Янгийўл туман ички ишлар бўлими зиммасига юклатилган.

Бу ишда эътиборга молик жиҳат — вояга етмаган қиз судда собиқ профилактика инспектори уни қўрқитиб, жинсий алоқада бўлиб келганини билдирганидир.

Бироқ тақдим этилган суд ҳужжатларида инспекторнинг бу хатти-ҳаракатлари бўйича алоҳида жиноят иши қўзғатилгани, тергов ўтказилгани ёки унга нисбатан айблов эълон қилингани ҳақида маълумот йўқ. Қизнинг бу борадаги кўрсатмаси мазкур ҳукм билан инспекторнинг айбдорлиги судда исботланганини англатмайди.

Элтуз жабрланувчи вояга етмагани сабабли унинг шахсини аниқлаш имконини берадиган маълумотларни ошкор қилмайди.