1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда аҳоли, тадбиркорлар, транспорт соҳаси ҳамда бюджет ташкилотлари ходимларига тааллуқли қатор янги тартиб ва ўзгаришлар кучга кирди.

Иш ҳақи ва стипендиялар ошади. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, шунингдек, стипендиялар 7 фоизга кўтарилди.

БҲМ миқдори ўзгаради. Базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўмдан 440 минг сўмга оширилади. Бу эса БҲМга боғланган жарималар, давлат божлари ва айрим хизматлар қийматига ҳам таъсир қилади.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар ошади. БҲМ миқдори ўзгариши натижасида айрим маъмурий жарималар ҳам юқорилайди.

Автобусларда йўл ҳақини олдиндан тўлаш тартиби жорий этилади. Йўловчилар автобусга чиқиш вақтида йўл ҳақини тўлаши шарт бўлади.

Автомобильни қайта рўйхатдан ўтказиш қимматлайди. Янги давлат рақами олинганда қайта рўйхатдан ўтказиш 1 миллион 892 минг сўм, аввалги рақам сақлаб қолинганда эса 352 минг сўмни ташкил этади.

IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш нархи ошади. Белгиланган муддатда телефон IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш 88 минг сўм, муддат кечиктирилганда эса 110 минг сўм бўлди.

Ёқилғи қуйиш шохобчаларида янги талаблар. Барча турдаги АЁҚШ ва газ қуйиш шохобчаларида муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси номаълум бўлган ускуналардан фойдаланиш чекланди.

Газ баллонли автомобилларга ҳам талаб кучаяди. ГБО техник кўригидан ўтмаган автомобилларга газ қуйиш тақиқланди.

Жамоат транспортида янги тарифлар. Тошкент жамоат транспорти ва шаҳар атрофи темирйўл йўналишларида «электропоезд–автобус» ҳамда «электропоезд–метро» тарифлари жорий этилди.

Айрим шахсларга парвариш нафақаси тўланади. 18 ёшдан катта, «чуқур даражадаги ақлий заифлик» ташхиси қўйилган шахсларни парвариш қилаётган қонуний вакилларга нафақа берилади.

Спорт мактаблари ходимларига устама берилади. Оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш ва юқори спорт натижаларига эришиш учун ходимларга ҳар ойлик устамалар тўланади.

Уй-жойи бўлмаган шахсларни жойлаштириш тартиби ўзгаради. Бундай шахсларни ижтимоий марказларга суд қарори асосида мажбуран жойлаштириш тартиби бекор қилинади. Энди улар марказларга фақат ўз розилиги билан қабул қилинади.

ЯТТлар учун ижтимоий солиқ миқдори ўзгаради. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун ойлик ижтимоий солиқ 440 минг сўмни ташкил этади.

Хуллас, умумий қилиб айтганда 1 сентябрдан киритилган ўзгаришлар аҳоли даромадлари, транспорт, автомобиль, солиқ ва ижтимоий ҳимоя соҳаларига бевосита таъсир қилади.