Европанинг етти давлатидаги супермаркетларнинг совутиш тизимлари хакерлар ҳужумига учради. Оқибатда айрим дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари яроқсиз ҳолга келиб, катта миқдорда моддий зарар етказилди.

BBC хабар беришича, киберҳужум Бельгия, Люксембург, Швеция, Финляндия, Ирландия, Нидерландия ва Эстониядаги савдо нуқталарини қамраб олган.

Бельгия ва Люксембургда Delhaize тармоғига қарашли қарийб 40 та супермаркет жабрланди. Бельгиянинг Хуйларт коммунасидаги Delhaize дўкони вакиллари совутиш тизимидаги носозлик туфайли 100 минг евро қийматидаги маҳсулотлар йўқотилганини маълум қилди.

Шунингдек, Colruyt Group компанияси Бельгиядаги Spar тармоғининг бешта дўконида киберҳужум қайд этилганини билдирди. Carrefour тармоғида эса 15 та савдо нуқтаси зарар кўрган.

Дастлабки тахминларга кўра, хакерлар икки ҳафта аввал Франция супермаркетларига ҳужум қилишда қўлланган усулдан фойдаланган.

Ҳодиса савдо тармоқларидаги совутиш ускуналарининг рақамли бошқарув тизимлари киберҳужумларга қанчалик заиф бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.