Россиянинг йирик маркетплейси – Wildberries компанияси логистика марказларига уюштирилган дрон ҳужумлари оқибатида зарар кўрган сотувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чораларни эълон қилди.

Компания матбуот хизматига кўра, тадбиркорларга WB Bank кредитлари ва MKK WB Finans қарзлари бўйича уч ойлик тўловни кечиктириш имконияти берилди. Бу даврда асосий қарз тўловлари ҳамда фоизлар ҳисобланиши тўхтатилади, шу боис навбатдаги тўловни фақат октябрь ойи охирида амалга ошириш керак бўлади.

Wildberries омборларига Украинанинг илк йирик ҳужуми 18 июль куни амалга оширилди. Электросталь ва Котовск шаҳарларидаги логистика марказларига дронлар зарба берди. Оқибатда ходимлар ҳалок бўлди, йирик ёнғинлар юз берди ва минглаб сотувчиларнинг маҳсулотлари ёниб кетди.

22 июль куни Краснодар ва Невинномисскдаги логистика марказлари нишонга олинди. Краснодарда бир аёл ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳатланди, омборларда ёнғин юзага келди.

23 июль куни Wildberries Воронеж вилоятидаги омбор фаолияти вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. 24 июль куни эса компаниянинг Санкт-Петербург, Ленинград вилояти ва Симферополдаги объектларига яна дронлар ҳужуми уюштирилди. Компания маълумотига кўра, ходимлар ўз вақтида эвакуация қилингани сабабли бу сафар қурбонлар қайд этилмаган.

ОАВ ва экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, Электросталь ва Котовскдаги дастлабки ҳужумларнинг ўзиёқ компанияга 100 миллиард рублдан ортиқ зарар келтирган. Кейинги ҳужумларни ҳам ҳисобга олганда, умумий зарар қарийб 170 миллиард рубл (тахминан 2,2 миллиард АҚШ доллари) деб баҳоланмоқда. Айни пайтда Wildberries якуний расмий зарар миқдорини ҳали эълон қилмаган.