Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги ўринбосари, полковник Павел Елизаров мамлакат мудофаа вазири Михаил Фёдоровнинг лавозимдан озод этилиши ортидан Украина Қуролли кучлари сафидан бўшаш ҳақида рапорт ёзганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу қарорни қабул қилишга айнан мудофаа вазирининг истеъфоси сабаб бўлган.

«Афсуски, урушнинг бешинчи йилида Украина Қуролли кучларидан бўшаш ҳақида рапорт ёздим. Менимча, Михаил Фёдоровнинг лавозимдан четлатилиши мамлакат мудофаа қобилияти учун катта зарардир», — деб ёзди Елизаров.

Шу билан бирга, «Страна» нашрининг хабар беришича, Киев, Одесса, Львов, Днепр ҳамда яна бир қатор шаҳарларда Фёдоровнинг истеъфосига қарши норозилик акциялари ўтказиляпти. Намойиш иштирокчилари унинг лавозимдан олинишига қарши чиқиб, қабул қилинган қарорни қайта кўриб чиқишни талаб қилишяпти.

Михаил Фёдоров сўнгги йилларда Украина ҳукуматида рақамли трансформация ва ҳарбий соҳадаги технологик ечимларни жорий этиш билан боғлиқ ташаббусларнинг асосий юзларидан бири сифатида танилган. Унинг истеъфоси мамлакатнинг сиёсий ва ҳарбий доираларида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Айни пайтда Украина расмийлари мазкур истеъфо юзасидан билдирилган танқидлар ва норозилик акциялари бўйича ҳозирча расмий муносабат билдирмаган.