АҚШ президенти Дональд Трамп ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ўртасида Эронга қарши ҳарбий амалиётларни қайта бошлаш муддати юзасидан қарашлар фарқи юзага келган. Бу ҳақда Axios нашри Америка ва Исроил манбаларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, 31 октябрь куни бўлиб ўтган телефон мулоқотида Нетаньяху Трампни 3 ноябрдаги АҚШ Конгресси сайловларидан сўнг Эронга зудлик билан янги ҳарбий зарбалар беришга чақирган. Трамп эса Теҳрон билан дипломатик музокараларга яна вақт бериш тарафдори эканини билдирган.

Исроил манбаси суҳбатни «мураккаб», Америка манбаси эса «очиқ ва тўғридан-тўғри» деб таърифлади. Трампнинг ўзи Нетаньяху билан мулоқотни «жуда яхши ўтди» деяпти.

Айни пайтда Қатар воситачилигида АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларни қайта тиклаш бўйича дипломатик ҳаракатлар давом этмоқда. Бироқ Вашингтон эҳтимолий янги ҳарбий амалиётларга тайёргарликни ҳам сақлаб қоляпти.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио президент Эронга янги зарбалар бериш юзасидан ҳали якуний қарор қабул қилмаганини таъкидлади.

Вашингтон ва Тель-Авив ўртасидаги асосий ихтилоф Эронга нисбатан кейинги қадамнинг муддати ва усулига тааллуқли. Ҳарбий амалиётларни қайта бошлаш бўйича расмий қарор ҳозирча эълон қилинмади.