ЭНДИ ТЕРГОВ ҲИБСХОНАЛАРИДА 2 СОАТЛИК САЙРГА РУХСАТ БЕРИЛАДИ
Сенат тергов ҳибсхоналарида сақланаётганлар учун кафолатларни кенгайтирувчи қонунни маъқуллади: сайр вақти камида 2 соатга оширилади, кийим-бош ва пойабзал сотиб олишга рухсат берилади, шартли озод қилинганлар устидан назорат эса аниқлаштирилади.
18 май куни Сенат ялпи мажлисида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жиноят-ижроия тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим қонун тасдиқланди.
Энг асосий янгиликлардан бири – тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар учун кафолатлар кенгаймоқда.
Қонунга мувофиқ, эндиликда тергов ҳибсхонасида ушлаб турилганларга дам олиш ва байрам кунларида камида 2 соат сайр қилиш ҳуқуқи берилади. Илгари бу муддат камида 1 соат эди. Шунингдек, уларга қўшимча кийим-бош ва пойабзал сотиб олиш имконияти ҳам яратилади.
Яна бир муҳим ўзгариш – озиқ-овқат ва энг зарур буюмлар хариди учун рухсат этилган маблағ миқдори оширилмоқда. Энди ушбу сумма меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир бараваригача етказилади. Бу эса ҳибсхонадаги шахсларнинг кундалик эҳтиёжларини қондириш имкониятини кенгайтиради.
Қонун фақат ҳибсхоналар билан чекланмайди. Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартиришларга кўра, муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан назорат кучайтирилади. Улар белгиланган вақтларда ваколатли органларга келиб рўйхатдан ўтиб туриши шарт бўлади.
Шу билан бирга, шартли озод қилинган шахс ёки унинг адвокати судга мурожаат қилиб, зиммасига юкланган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилишни сўраши мумкин. Бу фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоя имкониятларини кенгайтиради.
Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгаришларга кўра, шартли озод қилишни бекор қилиш билан боғлиқ ишлар маҳкум яшайдиган ҳудуддаги туман ёки шаҳар суди томонидан кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, Жиноят-ижроия кодекси янги боб билан тўлдирилиб, шартли озод қилинган шахслар устидан назорат ўрнатиш, уларнинг мажбуриятлари ва назоратни тугатиш тартиби аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бу ташаббуслар аввалроқ Омбудсман томонидан ҳам илгари сурилган бўлиб, 2025 йилда тергов ҳибсхоналарида сайр вақтини ошириш ва қўшимча кийим-бош олиш ҳуқуқини кенгайтириш таклиф қилинган эди. Шунингдек, ўтган йил июнидан Ўзбекистонда қамоққа олинганларни тергов ҳибсхонасига жойлаштиришдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби жорий қилинган.
Бу ўзгаришлар тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга нисбатан муносабатда инсонпарварлик тамойили кучаяётганини кўрсатади. Сайр вақтининг оширилиши, қўшимча кийим-бош ва зарур маҳсулотлар олиш имконияти оддий маиший енгиллик эмас, балки инсон шаъни, соғлиғи ва руҳий ҳолатини сақлашга қаратилган ҳуқуқий кафолатдир. Чунки тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахс ҳали суд ҳукми билан айбдор деб топилмаган бўлади. Шу маънода, қонун тергов жараёнида ҳам инсон ҳуқуқлари чекланмаслиги, ҳар қандай ҳолатда ҳам шахснинг асосий эҳтиёжлари таъминланиши кераклигини яна бир бор мустаҳкамламоқда.
Шу билан бирга, шартли озод қилинган шахслар устидан назорат механизмларининг аниқлаштирилиши жазони ижро этиш тизимида мувозанатли ёндашувни шакллантиради. Бир томондан, жамият хавфсизлиги учун назорат кучайтирилмоқда, иккинчи томондан эса шахс ёки унинг адвокати суд орқали мажбуриятларни қайта кўриб чиқиш имконига эга бўлмоқда. Бу пробация тизимини фақат жазоловчи эмас, балки тарбияловчи ва қайта ижтимоийлаштирувчи институт сифатида ривожлантиришга хизмат қилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг