Google, Meta, OpenAI ва Anthropic каби етакчи технологик компанияларнинг 1200 дан ортиқ ходимлари сунъий интеллект (SI) ривожланиш суръатларини секинлаштиришга чақирувчи очиқ хатни имзолади.

Мурожаатда шундай дейилади:

«Сунъий интеллект анча яхши келажакни барпо этишга ёрдам бериши мумкин. Бироқ бундай натижа кафолатланмаган. SI соҳасидаги етакчи компаниялар бу технология бўйича тадқиқотларни тўлиқ автоматлаштириш арафасида бўлиши мумкин».

Муаллифлар фикрича:

«Сунъий интеллект имкониятлари жуда тез суръатларда ривожланиб, яратилаётган тизимларни тушуниш ва назорат қилиш қобилиятимиздан ошиб кетиши хавфи мавжуд».

Мутахассислар таъкидлашича, бугун нафақат компаниялар, балки бутун давлатлар ҳам кучли рақобат босими остида қолган. Шу сабабли ҳеч ким бир томонлама равишда SI ривожини секинлаштиришга журъат этолмаяпти.

Шу муносабат билан муаллифлар АҚШ ҳукуматини сунъий интеллектнинг илғор технологияларини мақсадли тартибга солиш учун зарур бўлган техник ва бошқарув механизмларини ишлаб чиқишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш петиция 2023 йилда ҳам эълон қилинган бўлиб, уни 33 мингдан ортиқ киши, жумладан Илон Маск ва Apple компанияси ҳаммуассиси Стив Возняк ҳам имзолаган.