САУДИЯ ШАҲЗОДАСИ НАРКОТИК МОДДАЛАР ВА АЛКОГОЛ ИСТЕЪМОЛИДАН ЗАҲАРЛАНИБ ЎЛГАН
Буюк Британияда Саудия қироллик оиласи аъзоси, 29 ёшли шаҳзода Абдулла Ал Сауднинг ўлими юзасидан тергов якунланди. Коронер хулосасига кўра, у алкогол, гиёҳванд моддалар ва дорилар аралашмасидан келиб чиққан ўткир заҳарланиш оқибатида вафот этган.
Буюк Британияда Саудия Арабистони қироллик оиласи аъзоси, 29 ёшли Абдулла бин Фаҳд бин Абдулла бин Абдулазиз бин Жаллавий Ал Сауднинг ўлими бўйича тергов якунланди. Британия коронери хулосасига кўра, унинг ўлимига алкогол, гиёҳванд моддалар ва дори воситалари аралашмасидан келиб чиққан ўткир заҳарланиш оқибатида юрак фаолиятининг тўхташи сабаб бўлган.
Шаҳзоданинг жасади 2025 йил 25 ноябрда Лондоннинг Кенсингтон туманида жойлашган Marriott меҳмонхонасидаги ҳашаматли хоналардан бири ҳаммомида топилган. Меҳмонхона ходимлари зудлик билан тез ёрдам чақирган, аммо воқеа жойига етиб келган шифокорлар унинг вафот этганини қайд этган. Кузатув камералари тасвирларига кўра, шаҳзода ҳалокатдан бир неча соат аввал меҳмонхонадан ташқарига чиққан.
Суд-тиббий экспертизаси марҳум организмида алкогол, GHB («клуб наркотиги» деб аталадиган модда), каннабис излари ҳамда хавотирни камайтириш учун қўлланиладиган бир қатор дори воситалари, жумладан Xanax аниқланганини кўрсатди. Мутахассислар айнан ушбу моддаларнинг биргаликда истеъмол қилиниши ўлимга олиб келганини таъкидламоқда.
Тергов давомида маълум бўлишича, шаҳзода алкогол ва гиёҳвандликка қарамликдан даволаниш учун махсус реабилитация марказларида муолажа олган. Бироқ маълум вақтдан кейин унда қайтадан қарамлик ҳолати кузатилган.
Британия тергов органлари ҳодисада жиноят аломатлари ёки учинчи шахслар иштирокини аниқламади. Шу боис ушбу ўлим бир нечта психоактив моддаларни истеъмол қилиш оқибатида юз берган бахтсиз ҳодиса сифатида баҳоланди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг