Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги зиёратчилар учун бир йил давомида бир неча марта мамлакатга кириш имконини берувчи янги Умра визасини жорий қилди.

Янги виза берилган кундан бошлаб 365 кун амал қилади. Унинг эгаси Саудия Арабистонига бир неча марта кириши мумкин, бироқ барча ташрифлар давомида мамлакатда қолиш муддати жами 90 кундан ошмаслиги лозим.

Ҳар бир сафар учун зиёратчи «Nusuk» платформасида рўйхатдан ўтган тасдиқланган хизмат кўрсатувчи ташкилотдан алоҳида хизмат пакетини сотиб олиши керак. Пакет давомийлиги визада қолган кунлардан ошмаслиги шарт.

Шунингдек, зиёратчилар Саудия Арабистонига йўл олишдан олдин «Nusuk» мобил иловаси орқали Умра зиёрати учун рухсатнома олиши лозим. Рухсатномадаги саналар сотиб олинган хизмат пакетининг муддатига мос келиши керак.

Виза зиёратчи Саудия Арабистонидан чиқиб кетганидан кейин вақтинча фаолсизлантирилади. Кейинги ташриф учун белгиланган талаблар бажарилса, у яна фаоллаштирилади. Фойдаланилмаган кунлар визанинг амал қилиш муддати доирасида кейинги сафарларга сақланиб қолади.

Янги виза Ҳаж мавсуми давомида амал қилмайди. Расмийларга кўра, тартиб зиёратчиларга Умра сафарларини эркинроқ режалаштириш ва хизматларни рақамли шаклда расмийлаштириш имконини беради.

Ўзбекистон фуқаролари Саудия Арабистони электрон визаси учун мурожаат қилиш ҳуқуқига эга давлатлар рўйхатига киритилган. Аммо виза олиш кафолатланмайди — ҳар бир ариза Саудия томонининг талаблари асосида алоҳида кўриб чиқилади.