Россия ҳукумати Давлат Думасига хорижий давлатларга ёрдам кўрсатиш ва чет элдаги нодавлат ташкилотларни халқаро дастурларга жалб этишга оид янги қонун лойиҳасини киритди.

«Халқаро тараққиётга кўмаклашиш тўғрисида»ги ҳужжатга кўра, Россия Ташқи ишлар вазирлиги халқаро ёрдам сиёсатини мувофиқлаштиради, «Россотрудничество» эса дастурларни амалга оширишда асосий агентлик вазифасини бажаради. Хорижий нодавлат ташкилотлар ва хусусий компаниялар ҳам ушбу лойиҳаларга жалб қилиниши мумкин.

Қонун лойиҳасида гуманитар ёрдам, таълим, иқтисодий ҳамкорлик ва Россиянинг хориждаги нуфузини мустаҳкамлаш вазифалари белгиланган. Ҳужжат ҳозирча қабул қилинмаган.

МОСКВА НИМАНИ КЎЗЛАМОҚДА ВА БУ ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАНДАЙ ТАЪСИР ҚИЛИШИ МУМКИН?

Россия ҳукуматининг янги ташаббуси оддий гуманитар ёрдам дастуридан кенгроқ аҳамиятга эга. У Москва ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири – хорижий жамиятлар билан ишлаш, маҳаллий ташкилотлар орқали ҳамкорликни ривожлантириш ва Россия ҳақида ижобий тасаввурни шакллантиришни қонунчилик даражасида мустаҳкамлашга қаратилган.

Бу ёндашув халқаро муносабатларда “soft power” (“юмшоқ куч”) деб аталади. Давлатлар ҳарбий ёки иқтисодий босим ўрнига таълим, маданият, грантлар, илмий ҳамкорлик ва жамоатчилик дипломатияси орқали ўз нуфузини оширишга интилади. АҚШ, Европа давлатлари, Хитой, Туркия ва бошқа мамлакатлар ҳам турли шаклларда шундай механизмлардан фойдаланади.

Россиянинг янги қонун лойиҳасидаги муҳим жиҳат шундаки, халқаро ёрдам давлатнинг геосиёсий манфаатлари билан очиқ боғланган.

Ҳужжатда хорижий давлатларнинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш билан бир қаторда, Россиянинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, унинг дунёдаги нуфузини ошириш ва МДҲ ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги интеграцияни қўллаб-қувватлаш вазифалари ҳам белгиланган.

Бу Россиянинг 2023 йилда тасдиқланган ташқи сиёсат концепциясига мувофиқ келади. Унда рус тилининг халқаро мавқеини сақлаш, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни кучайтириш, Россия ҳақидаги ахборотни кенг тарқатиш ва жамоатчилик дипломатиясини ривожлантириш устувор вазифалар сифатида кўрсатилган.

Яъни Москва бугун янги ташқи сиёсий мақсадларни ихтиро қилаётгани йўқ. У аввалдан мавжуд мақсадларга хизмат қиладиган молиявий ва ташкилий механизмларни кучайтиришга уринмоқда.

НИМА УЧУН АЙНАН ХОРИЖИЙ НОДАВЛАТ ТАШКИЛОТЛАР МУҲИМ?

Хориждаги ҳар қандай давлат элчихонаси ёки расмий идораси орқали тарқатилган хабар, табиийки, ўша давлатнинг расмий позицияси сифатида қабул қилинади. Бироқ маҳаллий жамоат ташкилоти, университет, тадқиқот маркази ёки мустақил эксперт томонидан билдирилган фикр аудиторияга бошқачароқ таъсир қилиши мумкин.

Айнан шу жиҳат хорижий нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликни давлатлар учун жозибадор қилади.

Масалан, маҳаллий ташкилот Россия молиялаштирган таълим дастурини амалга ошириши, рус тили курсларини ташкил қилиши, тарихий тадқиқот ўтказиши ёки икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ҳақида ахборот материаллари тайёрлаши мумкин.

Бундай фаолиятнинг ўзи ноқонуний ёки зарарли эмас. Айрим дастурлар ҳақиқатан ҳам аҳолига фойда келтириши мумкин.

Бироқ грант шартларида муайян сиёсий позицияларни илгари суриш, фақат бир томоннинг қарашларини ёритиш ёки муайян мавзуларни четлаб ўтиш талаб қилинса, молиявий ёрдам мустақил фикрга таъсир ўтказиш воситасига айланиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан, 2026 йил 26 октябрда Россия Жамоатчилик палатасида хорижий нодавлат ташкилотлар билан ишлашга бағишланган тадбир аҳамиятли. Унда «Россотрудничество» иштирокида хорижий ННТларни грантлар орқали қўллаб-қувватлаш, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш, хорижий аудитория учун материаллар тайёрлаш ва чет эллик экспертларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Бу Москва учун халқаро ёрдам нафақат иқтисодий, балки ахборот ва жамоатчилик дипломатияси воситаси ҳам эканини кўрсатади.

ЎЗБЕКИСТОН НЕГА МОСКВА УЧУН МУҲИМ?

Ўзбекистон Россиянинг Марказий Осиёдаги йирик савдо ҳамкорларидан бири. Ўзбекистон ҳукуматининг расмий маълумотларига кўра, 2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 13 миллиард долларга етган.

Бундан ташқари, Россияда юз минглаб ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ишлайди. Россия иқтисодиёти, меҳнат бозори ва миграция сиёсатидаги ўзгаришлар Ўзбекистондаги кўплаб оилалар даромадига бевосита таъсир кўрсатади.

Таълим соҳасида ҳам Россиянинг мавқеи сезиларли. Россия Маориф вазирлиги маълумотига кўра, 2025–2026 ўқув йилида 110 нафардан ортиқ россиялик педагог Ўзбекистондаги 98 та таълим муассасасида дарс берган.

2026 йил май ойида эса «Россотрудничество» Самарқандда янги «Рус уйи» марказини очиш имкониятини ўрганаётгани маълум қилинган.

Демак, Москва янги қонун орқали Ўзбекистонда мутлақо янги фаолиятни бошлашдан кўра, аллақачон мавжуд таълим, маданият ва ҳамкорлик тармоқларини кенгайтириш имкониятига эга бўлиши мумкин.

Бу ерда Россиянинг иқтисодий манфаатлари билан сиёсий мақсадлари ҳам туташади.

Хусусан, янги қонун лойиҳасида МДҲ ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги интеграцияни ривожлантириш алоҳида вазифа сифатида белгиланган.

Ўзбекистон ҳозир Евроосиё иқтисодий иттифоқининг тўлақонли аъзоси эмас, балки кузатувчи давлат ҳисобланади.

Шу сабабли Россия молиялаштирадиган айрим келажакдаги тадқиқотлар, иқтисодий форумлар ва экспертлик дастурлари Евроосиё интеграциясининг афзалликларини тарғиб қилишга йўналтирилиши мумкин.

Бироқ бу қонуннинг ўзи Ўзбекистонни мазкур иттифоққа қўшилишга мажбурламайди ва бундай қарор қабул қилинаётганини ҳам англатмайди.

ЎЗБЕКИСТОН ЎЗИНИ ҚАНДАЙ ҲИМОЯ ҚИЛА ОЛАДИ?

Ўзбекистонда хорижий маблағлар олиш умуман тартибга солинмаган соҳа эмас.

«Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 октябрдаги 527-сонли қарори хорижий манбалардан маблағ ва мол-мулк олишни тегишли тартибда келишиш қоидаларини белгилайди. Айрим ҳолатларда истиснолар ҳам мавжуд.

Демак, Россияда янги қонун қабул қилиниши ўзбекистонлик ташкилотларга маҳаллий қонунчиликни четлаб ўтиб, Россия бюджетидан чекланмаган миқдорда пул олиш ҳуқуқини автоматик тарзда бермайди.

Бироқ давлат назоратининг ўзи етарли бўлмаслиги мумкин. Ҳар қандай хорижий грант дастурида очиқлик, маблағ олувчилар ҳақидаги маълумотлар, лойиҳанинг мақсади ва унинг жамоатчиликка таъсири муҳим аҳамиятга эга.

Бу мезон фақат Россия маблағларига эмас, АҚШ, Европа, Хитой, Туркия ва бошқа хорижий донорлар грантларига ҳам бир хил қўлланиши лозим.

Шу билан бирга, хориждан қонуний ёрдам олишнинг ўзи ташкилотни шубҳа остига қўйиш учун асос бўлмаслиги керак. Чунки халқаро ҳамкорлик таълим, тиббиёт, атроф-муҳит муҳофазаси, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва бошқа ижтимоий соҳалар учун муҳим ресурс бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон учун асосий масала хорижий ҳамкорликни чеклаш эмас, балки унинг шартлари очиқ бўлишини ва мамлакатнинг ички сиёсий қарорлари ташқи молиявий манфаатларга қарам бўлиб қолмаслигини таъминлашдир.