ҚОЗОҒИСТОН СИ-НИ РИВОЖЛАНТИРИШДАН ҚАНДАЙ МАҚСАДНИ КЎЗЛАМОҚДА?
Қозоғистон сунъий интеллект экотизимини яратиш, маълумотлар марказларини қуриш ва Nvidia каби гигантлар билан ҳамкорлик орқали хомашёга таянган иқтисодиётдан узоқлашмоқчи. Бироқ электр танқислиги ва хорижий технологияларга боғлиқлик катта саволлар туғдирмоқда.
Қозоғистон табиий ресурсларидан нефт ва газ экспортидан кўра кўпроқ қиймат яратиш ҳамда минтақавий сунъий интеллект марказига айланишни истайди. Октябрь ойида Остонага ташриф буюрган Nvidia бош директори Женсен Хуанг Қозоғистонни ўз энергетика салоҳиятини ҳисоблаш қувватига айлантиришга ва сунъий интеллект соҳасида минтақавий етакчи бўлишга чақирди. Бу чақириқ ортида бир савол турибди. Қозоғистон хорижий технологияларга таянган ҳолда технологик суверенитетга эриша оладими?
2026 йил июнида қабул қилинган «Digital Qazaqstan» стратегияси доирасида мамлакат сунъий интеллектнинг яхлит экотизимини шакллантириш, хорижий сармоя жалб қилиш ва ўз технологик салоҳиятини ривожлантиришни кўзламоқда. Июнда Қозоғистон ҳукумати Экибастузда «Data Center Valley» маълумотлар марказлари мажмуасини барпо этиш режасини эълон қилди. Лойиҳанинг қуввати келгусида 1 гигаваттгача етиши кўзда тутилган.
Остона учун бунинг иқтисодий самараси салмоқли бўлиши мумкин. Қозоғистон дунёдаги йирик энергия ресурслари ва фойдали қазилмалар ишлаб чиқарувчиларидан бири сифатида анъанавий равишда хомашё экспортига таяниб келган. Сунъий интеллект учун мустаҳкам инфратузилма яратиш эса қўшимча қиймат яратадиган инновацияларни ривожлантириш, хорижий сармоя жалб қилиш ва иқтисодиётни диверсификациялаш имконини беради. Европа ва Осиё чорраҳасида жойлашгани ҳам Қозоғистонни халқаро миқёсда маълумотларни қайта ишлаш учун жозибадор манзилга айлантириши мумкин.
Маълумотлар марказлари қурилганидан кейин ҳам технологик мустақиллик масаласи очиқ қолади. Қозоғистон ҳозирча импорт қилинадиган яримўтказгичларга, асосан Хитойдан келтириладиган маҳсулотларга, шунингдек, хорижий ҳисоблаш архитектураси ва мутахассислар тажрибасига таянади. Nvidia’нинг иштироки соҳанинг ривожланишини тезлаштириши мумкин. Аммо охир-оқибат технологияни ким назорат қилади ва яратилган иқтисодий қийматдан ким баҳраманд бўлади? The Diplomat таҳлилига кўра, хорижий технологияларга қарамлик ва мамлакатнинг ҳисоблаш қувватига келгусида қанча талаб бўлиши номаълумлиги Қозоғистон режаларини чеклайди.
Электр таъминоти эса ҳозирнинг ўзида тўсиқ бўлиб турибди. Қозоғистон ички эҳтиёжни қоплаш учун етарли электр энергияси ишлаб чиқаришда қийналмоқда. 2025 йилда мамлакат 123,1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарган, истеъмол эса 124,6 миллиард киловатт-соат бўлган. Айни пайтда 300 мегаватт қувватда ишлайдиган битта маълумотлар маркази йилига тахминан 2,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси сарфлаши мумкин. БМТ ҳам маълумотлар марказларининг сув ва энергия истеъмоли бутун Марказий Осиё учун тобора жиддий масалага айланаётганини таъкидлаган. Электр ишлаб чиқаришни кўпайтириш, тармоқ қувватини ошириш ва сув таъминоти инфратузилмасини ривожлантиришга катта сармоя киритилмаса, танқислик кучайиши мумкин. Чунки сунъий интеллект индустрияси бу ресурслар учун иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ва аҳоли билан рақобатлашади.
Бу режаларнинг геосиёсий оқибатлари ҳам шунчалик муҳим. Дунё тобора бўлиниб бораётган бир шароитда илғор технологиялардан фойдаланиш имкони стратегик устунликка айланди. АҚШ технология компаниялари билан ҳамкорлик Қозоғистоннинг Ғарбга мойил ўрта қудрат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши мумкин. Айни пайтда, бундай алоқалар мамлакатни экспорт чекловлари ҳамда Россия ва Хитой каби минтақавий кучларнинг сиёсий босимига дучор қилиши мумкин. Шунинг учун Қозоғистон маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш, рақобатбардош тадқиқот муассасаларини барпо этиш ва янги инфратузилмадан маҳаллий корхоналар ҳамда университетлар бевосита фойдалана олишини таъминлашга устувор аҳамият бериши керак.
Остона инновация ва инфратузилмани ривожлантиришда Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа республикалари билан ҳам фаол ҳамкорлик қилиши керак. Хомашё экспортидан сунъий интеллектга таянган иқтисодиётга ўтиш ғояси жозибали. Бу ўтишнинг муваффақияти Қозоғистоннинг ички иқтисодий тараққиётига боғлиқ. Агар мамлакат юқори қўшимча қиймат яратиш салоҳиятига етарлича аҳамият бермаса, технологик суверенитетга интилиш охир-оқибат хомашё экспортининг рақамли шаклига айланиши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг