ПУТИН ДРОНЛАРНИ РОССИЯ УЧУН ЭНГ КАТТА ТАҲДИД ДЕБ АТАДИ
Бишкекдаги матбуот анжуманида Владимир Путин дронларни Россия учун денгизда, сув остида, қуруқликда ва ҳавода ҳаракатланувчи энг катта замонавий таҳдид деб атади. У Украина энергетика инфратузилмасига жавоб зарбалари тайёрланаётганини билдирди.
Россия президенти Владимир Путин Бишкекдаги матбуот анжуманида ҳозирги пайтда Россия учун энг катта таҳдид – денгизда, сув остида, қуруқликда ва ҳавода ҳаракатланувчи учувчисиз қурилмалар эканини айтди.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийларига Украина ёқилғи-энергетика мажмуаси объектларига қарши ялпи жавоб зарбаларини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича кўрсатма берилган.
«Россия Федерацияси Қуролли кучларига Украина энергетика объектларига ялпи зарбаларни тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича кўрсатма берилди. Улар бизникиларга зарба берса – жавоб олади», – деди Путин.
«Душманнинг барбод бўлишига шубҳам йўқ. Масала вақт ва муддатда. Булар ҳар доим жуда мураккаб саволлар бўлиб, уларга аниқ жавоб бермаган, ҳатто беришга уринмаган маъқул», – дея Путиннинг сешанба кунидан чоршанбага ўтар кечаси Бишкекдаги матбуот анжуманида айтган сўзларини келтиради «Интерфакс».
У, шунингдек, Украина бўйича музокаралар жараёни ҳозир кўп жиҳатдан музлатиб қўйилганини айтди. Бироқ Россия томони АҚШ президенти Дональд Трамп танлаган америкалик музокарачилар билан ишлашдан қониқиш ҳосил қилаётганини қўшимча қилди.
Фронтдаги вазият ҳақида гапирар экан, Путин «Марказ» қўшинлар гуруҳи Добропольени эгаллаш учун кўча жангларини олиб бораётганини, Краснооскольск сув омборининг шарқий соҳилида «Ғарб» қўшинлар гуруҳи Украина Қуролли кучларининг 13 батальонини қуршаб олганини, «Шимол» гуруҳи эса Суми шаҳригача 12 километр масофада турганини билдирди.
Путин, шунингдек, «агар Россия ҳудуди устида самолётлар билан боғлиқ фожиалар юз берса, Москва бунга жавоб бериш йўлини топади», деб айтди.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланаётган барча авиакомпанияларни огоҳлантириб, Россия осмони тобора хавфли бўлиб бораётгани ва «де-факто ёпилиши» мумкинлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, «Россия осмонида дронлар учади».
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг