Польшада жиддий сиёсий инқироз юзага келди. 30 октябрдан 31 октябрга ўтар кечаси Варшавада Конституциявий трибунал раҳбариятининг ваколатлари вақтинча тўхтатилиши ортидан оммавий норозилик намойишлари бошланди. Мухолифат ҳукуматни **«давлат тўнтаришига уриниш»**да айбламоқда.

Можаро Конституциявий трибунал раиси Богдан Свенчковский ва унинг ўринбосари Бартломей Соханьскийнинг бир ойга вазифасидан четлатилиши ортидан авж олди. Суд биноси атрофига полиция кучлари жалб қилинди. Намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашувлар кузатилиб, уч киши қўлга олинди.

Президент Кароль Навроцкий вазият сабаб Африкага режалаштирилган сафарини ярим йўлда тўхтатиб, Польшага қайтди. У содир бўлган воқеаларни конституциявий тузумнинг бузилиши ва давлат органини куч билан эгаллаш сифатида баҳолади. Президент парламентдаги сиёсий кучлар билан шошилинч музокаралар чақирди.

Бош вазир Дональд Туск эса ҳукумат ҳаракатларини қонун устуворлигини тиклаш зарурати билан изоҳлади. Унинг таъкидлашича, аввалги ҳукумат даврида суд тизимига сиёсий таъсир кучайган ва бу ҳолатни бартараф этиш қатъий чораларни талаб қилади.

Мухолифатдаги «Ҳуқуқ ва адолат» партияси раҳбари Ярослав Качиньский тарафдорлари эса мазкур ҳаракатларни суд ҳокимиятини эгаллашга уриниш деб ҳисобламоқда.

Польшадаги конституциявий инқирознинг илдизлари 2015 йилга бориб тақалади. Ўшандан буён судьяларни тайинлаш тартиби ва Конституциявий трибунал мустақиллиги мамлакатдаги асосий сиёсий баҳслардан бири бўлиб келмоқда.

Ҳукумат ва президент ўртасидаги қарама-қаршилик мамлакатдаги конституциявий инқирозни янада кескинлаштирди ва 31 октябрь ҳолатига кўра, вазият ўзгаришсиз қолмоқда.