АҚШДА 44 ЯШАР ЎЗБЕКИСТОНЛИК ЭРКАК ПЕДОФИЛИЯ ВА БОЛА ЎҒРИЛИГИДА АЙБЛАНДИ
Огайода яшовчи, 44 ёшли ўзбекистонлик Шуҳрат Абшукуров 2019 йилда 14 яшар қизга нисбатан жинсий зўравонлик ва одам ўғирлашда айбдор деб топилди. Унинг жиноятини телефон маълумотлари, суратлар ва ДНК далиллари тасдиқлаган, якуний жазо ҳали белгиланмаган.
АҚШнинг Огайо штатида Ўзбекистонда туғилган 44 ёшли Шуҳрат Абшукуров 2019 йилда 14 яшар қизга нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик ва одам ўғирлаш билан боғлиқ бир қатор жиноятларда айбдор деб топилди.
Ҳакамлар ҳайъатига айблов ҳукмини чиқариш учун бир ярим соатдан сал кўпроқ вақт керак бўлди. Судда жабрланувчи ҳам шахсан кўрсатма берди. У ҳозир 20 ёшда.
Прокуратура маълумотларига кўра, воқеа 2019 йилда, қиз ота-онаси билан жиддий жанжалдан сўнг уйидан чиқиб кетганидан кейин содир бўлган. У кўприк яқинида оғир руҳий ҳолатда турган пайтда юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган Абшукуровни учратган. Қиз эркакдан уни шифохонага олиб боришни сўраган, аммо кейинчалик Шуҳрат Абшукуров уни юк машинаси кабинасида мажбуран ушлаб турган ва унга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган.
Тергов давомида бир қатор муҳим далиллар тўпланди. Телефон маълумотлари Абшукуровнинг воқеа содир бўлган ҳудудда бўлганини кўрсатди. Жабрланувчи уни фотосуратдан аниқ таниб олди. Унинг телефонида қизга тегишли суратлар ҳам аниқланди. Ҳодисадан кейин олинган ДНК намунаси ҳам айбланувчининг ДНКси билан мос келган.
Абшукуров ўз айбини рад этди ва қизни вояга етган секс-ишчи деб ўйлаганини билдирди. Бироқ жабрланувчи унга ёшини айтганини ва бир неча бор тўхташини сўраганини маълум қилди.
Абшукуров 2022 йилда, қарийб уч йиллик терговдан сўнг қўлга олинган. У инглиз тилини яхши билмагани сабабли полиция билан сўроқ вақтида телефон орқали рус тилидаги таржимондан фойдаланилган.
Ҳозирча унга қандай муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши маълум эмас. Шунингдек, унинг АҚШдаги иммиграция мақоми ҳам аниқ эмас.
Агар у АҚШ фуқароси бўлмаса, жазони ўтаб бўлганидан кейин депортация жараёнига ҳам дуч келиши мумкин. Суднинг якуний ҳукми ва жазо муддати ҳозирча эълон қилинмади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг