NVIDIA РАҲБАРИ: «СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ДУНЁНИ ЙЎҚ ҚИЛИШ ЭҲТИМОЛИ — НОЛЬ ФОИЗ»
Nvidia асосчиси Женсен Хуанг сунъий интеллект инсониятни яқин йилларда йўқ қилиши ҳақидаги «қиёмат» сценарийларини рад этди. У 2030 йилга қадар дунёнинг охири бўлиши эҳтимоли «нол фоиз» эканини айтди ва СИни тез, аммо масъулиятли ривожлантиришни таклиф қилди.
Nvidia асосчиси ва бош директори Женсен Хуанг сунъий интеллект яқин йилларда инсоният ҳалокатига олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларга қўшилмаслигини билдирди.
«2030 йил дунёнинг охири бўлмайди. Бунинг эҳтимоли — ноль фоиз», — деди Хуанг CBS News телеканалига берган интервьюсида.
Унинг фикрича, СИ атрофида «қиёмат сценарийлари»ни тарқатиб, одамларни қўрқитиш илмий асосга эга эмас ва бундай баёнотлар ортида эътибор жалб қилиш каби бошқа мақсадлар бўлиши мумкин.
Хуанг, шунингдек, хавфлар сабаб СИ ривожланишини секинлаштириш ғоясини қўллаб-қувватламайди. У технологияни имкон қадар тез ривожлантириш, бироқ маҳсулотларни хавфсиз ва масъулиятли тарзда ишлаб чиқиш тарафдори.
Бу баёнот Anthropic’нинг собиқ тадқиқотчиси Жейкоб Коксон компаниядан кетиб, назоратдан чиққан СИ ўн йиллик охиригача инсоният учун ҳалокатли хавф туғдириши мумкинлигини айтганидан кейин янгради.
Anthropic’нинг Alignment Science йўналиши раҳбари Эван Хубингер эса кейинги ўн йил ичида СИ инсониятни йўқ қилиши хавфини «10 фоиздан юқори» деб баҳолаган.
Шу тариқа, СИ соҳасида технология тараққиёти суръати ва эҳтимолий экзистенциал хавфлар бўйича кескин қарама-қарши ёндашувлар шаклланмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг