NVIDIA РАҲБАРИ ХИТОЙЛИК ЖОСУС АЁЛ БИЛАН МУНОСАБАТДА БЎЛГАН-МИ?
AQSH разведкаси Nvidia раҳбари Женсен Хуанг хитой жосуслигида гумон қилинаётган мижоз компанияси топ-менежери билан ишқий муносабатда бўлганини тахмин қилмоқда. Даъволар сирасида сунъий интеллект чиплари бўйича махфий маълумотлар хавфи тилга олинган, бироқ очиқ далиллар ҳали етарли эмас.
АҚШ разведкаси Nvidia раҳбари Женсен Хуанг Хитой махсус хизмати ёллагани гумон қилинаётган Элис Хуанг билан ишқий муносабатда бўлган, деб ҳисобламоқда. Financial Times бу ҳақда разведка маълумотларига асосланган меморандумдан хабардор манбаларга таяниб ёзди.
Хуанг Ле номи билан ҳам танилган аёл Nvidia мижози – Сингапурдаги Megaspeed компаниясида раҳбарлик лавозимида ишлаган. Нашрга кўра, меморандум Дональд Трампнинг Пекинга ташрифи олдидан юқори мартабали амалдорларга тарқатилган. Оқ уй ва Марказий разведка бошқармаси изоҳ беришдан бош тортган.
Аввалги хабарларда Элис Хуанг орқали сунъий интеллект чиплари ҳақида маълумот олиш ва Женсен Хуангни Хитойга илғор чиплар экспорти учун Вашингтонга таъсир ўтказишга ундаш кўзлангани айтилган. Бу даъволар очиқ далиллар билан мустақил тасдиқланган эмас.
Reuters маълумотига кўра, АҚШ Конгрессидаги уч қўмита раҳбари Хуангдан 18 ноябрь куни ёпиқ брифингда иштирок этиб, мазкур хабарлар ва компаниянинг хорижий жосусликка қарши ҳимоя чоралари юзасидан тушунтириш беришни сўраган.
Nvidia эса Хуанг ҳар йили минглаб мижоз компаниялар раҳбарлари билан мулоқот қилишини билдирган. Компания таъкидлашича, Осиёдаги мижозларга оддий тижорий маълумотлар берилади, махфий технологик ёки АҚШ миллий хавфсизлигига оид ахборот тақдим этилмайди.
Биргаликда тушилган суратлар ишқий муносабат ёки жосусликни ўз-ўзидан исботламайди. Шу сабабли Элис Хуангни «тасдиқланган жосус», Женсен Хуангни эса «махфий маълумот узатган» деб аташ учун ҳозирча етарли очиқ асос йўқ.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг