АҚШ музокарачилари Украинага НАТОга аъзо бўлиш эвазига Донбасснинг Россия назоратида бўлмаган ҳудудларидан чиқиб кетиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилган. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди.

Al Jazeera ва Reuters хабарларига кўра, мазкур масала Абу-Дабида Россия ва Украина ўртасида АҚШ воситачилигида ўтказилган тинчлик музокараларидан кейин кўтарилган.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Вашингтон илк бор Украина ҳудудий ён беришлар эвазига НАТОга аъзо бўлиши мумкинлиги ҳақида савол қўйган. Украина президенти Киев ўз ҳудудларидан воз кечишга тайёр эмаслигини билдирган. Бироқ АҚШ ва НАТО мамлакатлари аниқ хавфсизлик кафолатлари, кучли армияни молиялаштириш ҳамда мамлакатни тиклаш учун маблағ ажратишни назарда тутувчи кенг қамровли келишувни тақдим этса, бу масалани умумхалқ референдумига қўйиш мумкинлигини айтган.

Россия эса Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига узоқ вақтдан буён қатъий қарши чиқиб келмоқда.